Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари доимо ҳимояда
Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра адлия органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳисобланади.
Сурхондарё вилояти Бандихон тумани адлия бўлими томонидан жойларда ўтказилаётган сайёр ва шахсий қабулларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мавжуд муаммоларини қисқа муддатда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, тумандаги “Полвонтош” маҳалласида яшовчи фуқаро Эргашев Неъматулло туман адлия бўлимига мурожаат қилиб ташкилотларда амалда ишлаган бўлсада ҳужжатлардаги хатоликлар сабабли 10 йилдан ортиқ давомидаги меҳнат фаолияти факти белгиланмаганлиги ва бу давр туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими томонидан инобатга олинмаётганини билдириб амалий ёрдам сўраган.
Мазкур мурожаат Бандихон тумани адлия бўлими томонидан ўрганилди. Фуқаро Эргашев Неъматуллонинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига ариза киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, туман адлия бўлимининг аризаси қаноатлантирилиб фуқаро Эргашев Неъматуллонинг Қизириқ тумани собиқ “Ойбек” ширкат хўжалигида 1982 йилдан 1992 йилга қадар меҳнат фаолиятида бўлганлик факти тасдиқланиб фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланди.
Шунингдек, тумандаги “Қудуқсой” МФЙда яшовчи фуқаро Жўраева Жумагулнинг қонуний эгалигидаги туман марказида жойлашган савдо дўкони Қизириқ туман ҳокимлиги томонидан бир неча йил олдин ноқонуний равишда бузиб ташланганлиги ва ушбу дўкон учун компенсация пуллари бир неча марта мурожаат қилган бўлсада тўланмасдан келаётганлиги сабабли компенсация пулларини ундириб беришни сўраган. Туман адлия бўлими томонидан мазкур мурожаат ўрганиб чиқилиб фуқаро Жўраева Жумагулнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суднинг ҳал қилув қарорига кўра жавобгар Қизириқ туман ҳокимлигидан даъвогар Жўраева Жумагул фойдасига 167 миллион 128 минг 786 сўм компенсация пулларини ундириш белгиланди. Бундан ташқари, фуқаро Абдураҳимов Абдурашиднинг манфаатини кўзлаб судга киритилган даъво ариза қаноатлантирилиб даъвогар Абдураҳимов Абдурашиднинг фойдасига жавобгар Қизириқ туман ҳокимлигидан 60 миллион 166 минг 895 сўм компенсация пулларини ундириш белгиланди.
Адлия органларининг асосий йўналишларидан яна бири ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини етказиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигини йўқ қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдир.
Туман адлия бўлими томонидан ушбу йўналишда ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тумандаги суд ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда доимий равишда давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимлари, шунингдек кенг аҳоли ўртасида уларнинг ҳуқуқий онгини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширимоқда.
Рустам Хуррамов,
Бандихон туман адлия бўлими бошлиғи