Инновацион тараққиёт истиқболлари
Пойтахтимизда «Ўзбекистон корхоналарини инновацион ривожлантириш дастурларининг инвестицион таъминоти: замонавий ҳолати ва ривожлантириш йўллари» мавзуида инвестиция форуми бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда «Ўзбекистон корхоналарини инновацион ривожлантириш дастурларининг инвестицион таъминоти: замонавий ҳолати ва ривожлантириш йўллари» мавзуида инвестиция форуми бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси томонидан Фан ва технологиялар агентлиги ва Ўзбекистон Банклари ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.Форумда Ўзбекистон Республикаси Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари, Марказий банк, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси масъуллари, иқтисодиёт реал сектори ва хорижий молиявий институтлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар, изланувчилар иштирок этди.
Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Ўзбекистон лизинг берувчилар ассоциацияси бош директори З.Мустафоев ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланиши учун кенг шароитлар яратиш, ҳаётнинг барча соҳаларини янада либераллаштиришда муҳим дастуриламал бўлаётганини таъкидлади.
Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда инвестициялар ҳажмини ошириш, замонавий ишлаб чиқариш объектларини ишга тушириш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ижтимоий дастурларни амалга ошириш, аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашнинг муҳим омили бўлмоқда.
Форум иштирокчилари пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш, миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, банклар капиталлашувини ошириш ва депозит базасини кенгайтириш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратди.
Форум доирасида «Ўзбекистон акциядорлик банкларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий қилишнинг долзарб масалалари» мавзуида давра суҳбати ўтказилди. Унда мамлакатимиз тижорат банклари инвестициявий жозибадорлигига корпоратив бошқарувнинг таъсири, миноритар акциядорлар манфаатларини ҳимоя қилиш, корпоратив бошқарув усул ва услублари тўғрисида сўз юритилди.