Инновацион ривожланиш агентлиги 2026 йилнинг биринчи ярмида қандай натижаларга эришди?
Миллий матбуот марказида Инновацион ривожланиш агентлигининг 2026 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширган ишлари якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мазкур ташкилот масъуллари, мутахассислар, олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Тадбирда илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, илмий кадрлар тайёрлаш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Матбуот анжуманида Инновацион ривожланиш агентлиги директори в.в.б. Асрор Норов 2026 йилнинг биринчи ярмида илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор муҳим натижаларга эришилганини таъкидлади.
– Биринчи ярим йилликда, аввало, илмий фаолиятни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратдик. Давлат дастурлари доирасида 17 та танлов ўтказилди. Уларга 1 012 та лойиҳа талабномаси келиб тушди. Танловлар натижасида умумий қиймати 395,5 миллиард сўм бўлган 202 та илмий лойиҳани молиялаштиришга қарор қилинди.
Илмий кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам эътиборимиз марказида бўлди. Олий таълимдан кейинги таълимга қабул жараёнида 42 776 нафар талабгордан ариза қабул қилинди ва уларнинг 16 045 нафари қабул қилинди. Айни пайтда стажёр-тадқиқотчилик ва олий таълимдан кейинги таълим тизимида илмий тадқиқот олиб бораётган изланувчилар сони 42 037 нафарни ташкил этмоқда.
Биз учун ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг халқаро илмий муҳитга кириб бориши ҳам жуда муҳим. Шу мақсадда Сингапур, Озарбайжон, АҚШ, Корея, Германия ва Италиянинг етакчи олий таълим ҳамда илмий ташкилотларида қисқа муддатли илмий стажировкаларни ташкил этиш бўйича 7 та мақсадли танлов эълон қилинди.

Халқаро ҳамкорлик борасида ҳам муҳим қадамлар ташланди. Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида агентлигимиз ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Инновациялар ва рақамли технологиялар агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам халқаро ҳамкорликдаги амалий лойиҳаларни кучайтиряпмиз. Жумладан, Бирлашган Араб Амирликларининг Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA) билан ҳамкорликда Қорақалпоғистонда фермерлар ва агротадбиркорларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг доирасида 200 нафар фермер ва агротадбиркорни қамраб олишни режалаштирганмиз.
Шунингдек, Сингапур, Германия, Корея Республикаси, Буюк Британия, АҚШ, Италия ва Франциянинг етакчи олий таълим ҳамда илмий ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича музокаралар олиб борилди ва қатор келишувларга эришилди.
Халқаро илмий ҳамкорликнинг яна бир муҳим натижаси сифатида Корея Республикасининг Сеул шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Глобал тадқиқот кенгашининг минтақавий йиғилишида Ўзбекистоннинг ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этиши расман маъқулланганини қайд этиш мумкин.
Хитой билан илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳам келишувга эришдик. Унга кўра, 2028 йилда юртимизда Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро илмий-техник ҳамкорлик бўйича қуйи комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Илм-фан ва инновацион фаолиятни рақамлаштириш муҳим йўналишлардан биридир. Бу борада ҳам янги электрон платформалар ишлаб чиқилди. Улар илмий лабораториялар фаолиятини, инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш жараёнларини ҳамда тадбиркорлар билан илмий ҳамжамият ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Умуман, биринчи ярим йилликдаги ишларимизнинг асосий мақсади фақат илмий лойиҳаларни молиялаштириш билан чекланиб қолмасдан, илмий натижаларни амалиётга олиб кириш, ёш олимлар учун имкониятларни кенгайтириш ва халқаро илмий ҳамкорликни кучайтириш каби қатор йўналишлар ривожига алоҳида урғу берилди, – деди Асрор Норов.
Матбуот анжумани якунида журналистлар агентлик фаолияти, илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга жорий этишга доир ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА