Инновацион ўйинчоқлар кўргазмаси
Жиззах шаҳридаги “Ўрда” экологик боғида 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда байрам томошалари, кўнгилочар дастурлар, ҳаракатланувчи инновацион ўйинчоқлар кўргазмасини ташкил этди.
Болажонлар томонидан спорт чиқишлари, мусобақалар намойиш этилди, танловлар ўтказилди.
Тинч ва осойишта юртда камол топаётган ва кўзлари порлаб турган болажонлар байрам сайилларида яйради. Уларнинг кўзларида қувонч, ота-оналар қалбида шукроналик акс этди.

Шу каби байрам тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам кенг нишонланди.
Жумладан, Мирзачўл туман мактабгача таълим бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида “Бахтли болалик – биз Президент фарзандларимиз” шиори остида учрашув ташкил этилди.

МТТ иқтидорли болажонлари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўтаринки кайфият улашди.
Байрам тадбирларига шу ҳудудлардаги эҳтиёжманд, кам таъминланган, оилада ногиронлиги бўлган бола тарбияланаётган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари таклиф этилди.


А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА