Инновацион дизайн бўйича менторлик дастурига старт берилди
Пойтахтимизда ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Европа Иттифоқи ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Касб-ҳунар таълими агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Инновацион дизайн бўйича менторлик дастурининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида бандлик учун кўникмаларни ривожлантириш” лойиҳаси асосида амалга оширилаётган дастур доирасида иштирокчилар дизайн, ранг назарияси, силует ва стилизация, маҳсулот ишлаб чиқиш, брендлаш ҳамда инновацион ёндашувлар бўйича назарий ва амалий машғулотларда қатнашади.

Шунингдек, менторлик жараёнида тажрибали мутахассислар кўмагида маҳаллий хомашё ва анъанавий ҳунармандчилик элементлари асосида замонавий, бозор талабларига мос маҳсулотлар яратиш устида ишлайди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, мазкур ташаббус касб-ҳунар таълими тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги интеграцияни кучайтириш, ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Шу билан бирга, менторлик дастурининг илк ўқув куни иштирокчиларни дастур мазмуни, мураббийлар ва ўзаро ҳамкорлик муҳити билан таништиришдан бошланди.
Машғулотлар давомида курснинг асосий мақсадлари, кутилаётган натижалар ҳамда инновацион маҳсулот яратиш жараёнидаги муҳим босқичлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Иштирокчилар дизайн соҳасининг назарий асослари билан танишиб, ранг назарияси бўйича амалий билимларини мустаҳкамлади.

Куннинг иккинчи қисмида силует, даврлар ва стилизация мавзуларига бағишланган ижодий машғулотлар ташкил этилди. Иштирокчилар турли тарихий даврларга хос шакл ва услубларни таҳлил қилиб, уларни замонавий дизайн талаблари билан уйғунлаштириш устида ишлади.
Шунингдек, Марказий Осиё халқларининг анъанавий кийимлари бўйича ўтказилган машғулотларда миллий либосларнинг ўзига хос хусусиятлари, безак элементлари ва уларнинг замонавий дизайндаги ўрни муҳокама қилинди.

Мазкур машғулотлар иштирокчиларда ижодий фикрлаш, эстетик қараш ва инновацион ёндашувларни ривожлантириш, шунингдек, миллий маданий меросдан илҳомланган рақобатбардош маҳсулотлар яратиш бўйича зарур билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА