Инклюзив таълим: педагоглар малака оширмоқда
Мамлакатимизда инклюзив таълим тизимини янада такомиллаштириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун сифатли таълим муҳитини яратиш ҳамда махсус педагогларнинг касбий маҳоратини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу мақсадда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказининг 2025 йил 29 сентябрдаги қўшма қарори асосида Бухоро вилоятида махсус педагоглар учун амалий стажировкалар ташкил этилди.
Мазкур стажировкалар инклюзив таълим ва бошланғич таянч коррекцион синфлар фаолияти йўлга қўйилган умумтаълим мактаблари ҳамда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Стажировка машғулотлари Бухоро вилоятидаги ихтисослаштирилган махсус мактаб ва мактаб-интернатларида ўтказилмоқда. Унда иштирок этаётган махсус педагоглар тажрибали мутахассислар фаолиятини кузатиб, замонавий таълим усуллари билан яқиндан танишмоқда.

Дарс жараёнларида индивидуал ёндашув асосида таълим бериш, ўқувчиларнинг психологик ҳолатини инобатга олган ҳолда машғулотларни ташкил этиш, коррекцион-педагогик фаолиятни самарали йўлга қўйиш, нутқни ривожлантиришга қаратилган усуллар, мослаштирилган ўқув материалларидан фойдаланиш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, махсус педагоглар учун очиқ дарслар, методик машғулотлар ва тажриба алмашиш учрашувлари ташкил этилиб, инклюзив таълим жараёнида учраётган муаммолар ва уларнинг амалий ечимлари муҳокама қилинмоқда.
Когон шаҳар 9-умумтаълим мактаби махсус педагоги Иқбол Ражабованинг таъкидлашича, бундай амалий семинарлар педагогларнинг касбий ўсишида муҳим аҳамият касб этмоқда:
—Бундай стажировкалар биз учун жуда катта тажриба мактаби бўлмоқда. Таҗрибали мутахассисларнинг дарс жараёнларини кузатиш орқали алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар билан ишлашнинг янги метод ва ёндашувларини ўрганаяпмиз. Айниқса, амалий тажриба алмашиш имконияти яратилаётгани касбий фаолиятимизда жуда муҳим ўрин тутади. Бу каби машғулотлар педагогларнинг ўз устида ишлаши, замон талабларига мос билим ва кўникмаларни эгаллашига катта туртки беради, — дейди Иқбол Ражабова.
Стажировка доирасида 27-максус мактаб-интернати она тили ўқитувчиси, метод бирлашма раҳбари Гулноз Шарипова томонидан махсус педагоглар учун намунавий дарс машғулоти ҳам ташкил этилди.

Дарс жараёнида ўқувчилар билан интерактив методлар асосида ишлаш, уларнинг қизиқишини ошириш ва индивидуал қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган замонавий усуллар намойиш қилинди.
—Бугунги кунда махсус педагогларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам равишда ошириб бориш жуда муҳим. Стажировка жараёнларида ўзаро тажриба алмашиш, дарсларни таҳлил қилиш ва замонавий методларни қўллаш орқали таълим сифати янада яхшиланади. Энг муҳими, бу каби амалий машғулотлар педагогларнинг болалар билан ишлашдаги ёндашувларини бойитиб, уларнинг касбий маҳоратини оширишга хизмат қилади, -—дейди Гулноз Шарипова.

Бухоро вилоятида ташкил этилаётган мазкур амалий стажировкалар нафақат махсус педагогларнинг назарий билимларини мустаҳкамлаш, балки уларнинг реал таълим муҳитида амалий тажриба орттиришига ҳам кенг имконият яратмоқда.

Энг муҳими, бу каби ташаббуслар орқали инклюзив таълим тизимида фаолият юритаётган педагогларнинг касбий салоҳияти юксалиб, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун янада қулай ва самарали таълим муҳити шаклланмоқда. Бу эса ҳар бир боланинг жамиятда ўз ўрнини топиши, билим олиши ва имкониятлари рўёбга чиқаришига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири