Инклюзив таълим фаоллари Фарғонада беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Йилнинг энг фаол махсус педагоги” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Танлов алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар билан ишлаётган педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда махсус таълим тизимида самарали фаолият юритаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов иштирок этиб, инклюзив таълимни ривожлантиришда махсус педагогларнинг ўрни ва масъулияти муҳим эканини таъкидлади.
Танловда вилоятдаги 201 та умумтаълим мактаби иштирок этган туман босқичлари ғолиблари орасидан сараланган 19 нафар педагог беллашди.
Иштирокчилар амалий коррекцион-ривожлантирувчи машғулотлар, “Менинг педагогик фаолиятим” тақдимоти ҳамда касбий билим ва компетенциялар бўйича синовларда ўз маҳоратини намоён этди. Баҳолаш жараёнида инновацион ёндашувлар, методик ишланмалар ва замонавий таълим технологияларидан фойдаланиш кўникмаларига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-29609]
Якуний натижаларга кўра, Бағдод туманидаги 59-сонли умумтаълим мактаби махсус педагоги Умида Қосимова ғолиб деб топилди.
Ғолиб жорий йил август ойида ўтказиладиган “Инклюзив таълимни ривожлантириш: муаммолар ва инновацион ечимлар” мавзусидаги республика конференциясида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА