Инфографика: Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик (+видео)
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги иқтисодий алоқалар сезиларли даражада фаоллашди. 2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Сербия билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 баробарга — 1,4 млн доллардан 12 млн долларгача ошди. Экспорт 3 баробарга ўсиб, 0,9 млн долларга, импорт эса қарийб 10 баробарга ўсиб, 11,1 млн долларга етди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги 9 йиллик савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ҳақида маълумот берди. Маълумотларга кўра, 2016–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Сербия билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 9 баробарга — 1,4 млн доллардан 12 млн долларгача ошди. Экспорт 3 баробарга ўсиб, 0,9 млн долларга, импорт эса қарийб 10 баробарга ўсиб, 11,1 млн долларга етди.
2025 йилда Ўзбекистоннинг Сербияга экспорти таркибида асосий улушни озиқ-овқат маҳсулотлари — 47,1%, саноат товарлари — 23,8%, кимё маҳсулотлари — 4,8%, ноозиқ-овқат хомашёси — 2,4%, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари — 1%, шунингдек, хизматлар — 20,8% ташкил этди.
Сербиядан импорт таркибида машина ва транспорт ускуналари — 50%, кимё маҳсулотлари — 20,1%, саноат товарлари — 16,8%, озиқ-овқат маҳсулотлари — 4,8%, турли тайёр маҳсулотлар — 4,2%, ноозиқ-овқат хомашёси — 1,5%, шунингдек, хизматлар — 2,6% асосий ўринни эгаллади.
2026 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистонда Сербия капитали иштирокидаги 9 та корхона фаолият юритган. 2016–2025 йилларда Сербиядан жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларнинг жами ҳажми 2,2 млн долларни ташкил этган. 2024 йилда эса жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми атиги 0,2 млн доллар бўлган.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги савдонинг мутлақ ҳажми ҳозирча нисбатан кичик бўлишига қарамай, сўнгги тўққиз йилда товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада кенгайган.
Муҳайё Турдалиева, Искандар Исматов, ЎзА