Инқилобий янгиланишлар даври
Биз Президентимизнинг янги парламентга йўллайдиган Мурожаатномасини кутаётгандик.
Биз Президентимизнинг янги парламентга йўллайдиган Мурожаатномасини кутаётгандик. Унинг жуда жиддий бўлиши, долзарб масалалар тилга олиниши тахмин ҳам қилинаётган эди.
Шундай бўлди ҳам! Бугун Ўзбекистоннинг замонавий тарихида из қолдира оладиган кун бўлди. Давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида халқнинг дилидаги гапларнинг амалий натижадорлиги кун тартибига энг биринчи масала этиб қўйилди.
Президент бўлиб ўтган сайловлар ҳақидаги фикрларига хулоса сифатида демократик ислоҳотлардан қайтилмаслигини урғулади: “Энди ислоҳотларнинг ташаббускори жамият бўлиши керак!” Бу талаб аслида ташаббусларнинг ҳаётийлиги, долзарблиги, кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланишини кафолатлайди. Дарҳақиқат, жамият ривожланган шароитни истар экан, тушуниши лозимки, унга бу шароитни ташқаридан кимдир эмас, балки шу мамлакатнинг фарзандлари, яъни унинг ўзи яратиши керак. Бунинг учун жамиятда жипслик, ҳамжиҳатлик, қўлни қўлга бериш принципи рўёбга чиқиши лозим. Бу – адолатли талаб!
Ўзбекистоннинг яқин келажакда салоҳиятли, илм ва маърифатга асосланган жамиятга айланишига асослар пайдо бўлмоқда. Президент ўзи кўп бор такрорлайдиган “катта режа”нинг яна бир жиҳатини ошкор қилди.
Таълимнинг ҳар бир босқичида мисли кутилмаган ислоҳотлар амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Жумладан, жорий йилда мактабгача таълимга Ўзбекистондаги 60 фоиз бола қамраб олинади. Бюджетдан бу йўналишдаги ишлар учун 1,8 триллион сўм маблағ йўналтирилмоқда. Мактабларда ўқув дастурлари ва адабиётлар сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар бажарилади, 36 та янги мактаб қурилиб, 211 таси таъмирланади. Хусусий мактаблар сони кўпаяди.
Яқин йилларда Ўзбекистон ёшларининг 50-60 фоизи олий таълим билан қамраб олинишига эришиш зарур. Олий таълимдаги давлат гранти икки баробарга ортади. Бундан ташқари, қизлар учун алоҳида грантлар очилади. Кириш имтиҳонларини соддалаштириш, таълимдаги кераксиз фанларни қисқартириш, кредит-модул тизимига ўтилиши, босқичма-босқич фундаментал фанлар йўналишидаги тадқиқотларни кучайтириш йўлга қўйилади. “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали жорий йилда 700 нафардан зиёд олимларимиз хориждаги энг ривожланган таълим муассасаларида тажриба ва малака оширади.
Умуман, биргина таълим соҳасининг эртанги истиқболи ёруғ бўлишига катта ишонч бор. Зеро, жамиятнинг нима билан нафас олиши ва ҳаётга баҳо бериш мезонлари жамият иштирокчиларининг савияси, билими ва тафаккури билан чамбарчас боғлиқлигини эътиборга олсак, жамиятнинг ғоялар ташаббускори бўлишига замин ҳозирланаётганидан дарак бу.
Иккинчи жозибали ташаббус “Рақамли Ўзбекистон – 2030” ғоясидир. Президент бир миллион дастурчи тайёрлаш бўйича комплекс ва кенг кўламли ишларга старт берилишини баён қилди. Ва англашиладики, Президентнинг рақамли технологияларни ўзлаштира олмаган раҳбарлар билан ишлаш нияти йўқ.
Қишлоқ хўжалиги инқилобий ислоҳотга тайёрланмоқда. Тасаввур қилиш қийин бўлган ҳолат: энди ғалла ва пахта бўйича давлат буюртмаси бўлмайди. Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифалари ҳам бутунлай янги форматга ўзгаради.
Мамлакатнинг 7 та йирик шаҳрига ёндош бўлган 12 та шаҳарчада кенг кўламли ривожланиш юз бериши кутилмоқда. Қолаверса, ишчи кучлари тўпланган ҳудудлар билан иш ўрни яратилган ҳудудларнинг мутаносиблигига эришиш, янада муҳими, халқимизни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган прописка тизимининг қайта кўриб чиқилиши залда ҳозир бўлганларнинг гулдурос қарсакларига сабаб бўлди.
Бу олқишлар совимасдан яна бир тарихий таклиф янгради: 1995 йилгача Ўзбекистонга кўчиб келган ва шундан буён юртимизда яшаётган шахсларга автоматик тарзда Ўзбекистон фуқаролигини бериш… Бу қарийб 50 минг нафардан ортиқ шахснинг тақдирига дахлдор ёруғлик муждаси эди!
Ўзбекистонда янги Жамоатчилик палатаси иш бошлайди…
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашувчи янги орган ташкил этилади…
Ўзбекистонда Экология кодекси яратилади…
Ўзбекистонда маҳалла тизими жиддий ислоҳ қилинади…
Ўзбекистонда ойлик ва нафақалар инфляция даражасидан баланд даражада ошириб борилади!
Солиқ қўмитаси тизимида Фискал институти очилади.
Яқин йиллар ичида кўп давлатларда раҳбарларнинг турли мурожаатларини кўрдик, уларни имкон қадар таҳлил ҳам қилишга интилдик. Бироқ жорий йил ва яқин истиқболда юртимизда кутилаётган улкан ислоҳотларни яхши маънода инқилобий деб айтиш жоиз. Бу том маънода тарихий чиқиш бўлди!
Ўзбекистон халқини ёруғ келажак кутмоқда!
Шу кунларга етказсин!
Ҳусан ЭРМАТОВ,
журналист