Имтиёзлар фаровонликка хизмат қилмоқда
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақлаб қолинди.
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шароит яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақлаб қолинди.Хоразмда ўтказилган Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини тадбиркорлик субъектлари ҳамда кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган кўргазмали семинарда бу алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят солиқ ва божхона бошқармалари раҳбарлари, прокуратура, тижорат банклари масъул ходимлари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, йирик саноат корхоналари вакиллари иштирок этди.
Семинарда Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар, солиқ қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.
Асосий солиқ турлари бўйича ставкалар 2017 йилда ҳам 2016 йил даражасида сақлаб қолинди. Якка тартибдаги тадбиркорларнинг фаолият турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкалари 2016 йил даражасида сақлаб қолиниши билан бирга, 2017 йил 1 январдан бошлаб ҳунармандларга (қонунчиликда белгиланган рўйхат бўйича) энг кам иш ҳақининг 0,5 баробари миқдорида қатъий белгиланган солиқни тўлаш жорий этилди. Давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар бўйича тўловлар ставкаси ўтган йил даражасида қолдирилди.
– Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, – дейди Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ж.Темиров. – Юридик шахслар мурожаатига асосан корхона тугатилаётганида ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно. Жисмоний ва юридик шахсларнинг қонунчилик бузилгани ҳолатлари бўйича берилган мурожаатлари асосида фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарорига биноан қисқа муддатли текширишлар ўтказилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар ҳуқуқбузарлик аниқланган кундан эътиборан бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва рухсат этувчи зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этилади.
Бундай имкониятлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, пировардида халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.