Сурхондарё вилоятида 27 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинди
Жорий йилнинг 12-14 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган I халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тузилган шартномаларга мувофиқ, Сурхондарё вилояти миришкорлари хорижга 23 миллион доллар қийматидаги 27 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди.
Жорий йилнинг 12-14 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган I халқаро мева-сабзавот ярмаркасида тузилган шартномаларга мувофиқ, Сурхондарё вилояти миришкорлари хорижга 23 миллион доллар қийматидаги 27 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилди.Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Вилоятда аҳолини йил давомида мева-сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида боғ ва токзорлар кенгайтирилиб, замонавий технология асосида иссиқхоналар ташкил этилмоқда. Жорий йилда 315 минг тоннадан ортиқ узум ва мева, 245 минг 668 тонна полиз, 1 миллион 715 минг 470 тоннага яқин сабзавот маҳсулотлари, 264 минг 404 тоннадан зиёд картошка етиштириш режалаштирилган. Табиий қуёш нурига тўйиниб пишган сервитамин озиқ-овқат маҳсулотларини куз-қиш даврида сақлаш учун 40 дан ортиқ замонавий музлатгичли омборхона барпо этилган.
Мамлакатимизда пахта майдонларини босқичма-босқич қисқартириб, ўрнига сабзавот, полиз маҳсулотлари ва картошка экилаётгани, янги боғ-роғлар барпо этилаётгани йил давомида аҳолини арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, қиш-баҳор мавсумида нарх-наво барқарорлигини сақлаш, эҳтиёждан ортган қисмини экспортга йўналтиришга хизмат қилаётир.
Жорий йилнинг 12-14 июль кунлари пойтахтимизда ўтказилган I халқаро мева-сабзавот ярмаркасида вилоятдаги 30 га яқин агрофирма, фермер хўжалиги ва корхоналар 249,5 минг тонна мева-сабзавот сотиш бўйича 209 миллион доллардан зиёд миқдордаги шартнома имзолади.
Денов туманидаги “Денов Агро Импекс” масъулияти чекланган жамияти ушбу тадбирда мева, сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича 5 миллион долларлик шартнома тузган. Жорий йилнинг ўтган даврида хорижлик ҳамкорларга 1 миллион долларлик карам, пиёз, узум, хурмо ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилди.
– Саховатли заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавот маҳсулотлари тўйимлилиги ва сифати билан хорижликларга манзур бўлмоқда, – дейди “Денов Агро Импекс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдусамад Йўлдошев. – Улар келгусида ҳам бу ҳамкорликни давом эттириш истагини билдирмоқда.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишга Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Сурхондарё вилояти филиали ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Яратилаётган имкониятлар туфайли юртимизда ўз маҳсулотини экспорт қилиш истагидаги ишбилармонлар кўпайиб бормоқда, – дейди Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Сурхондарё вилояти филиали раҳбари Аслиддин Кароматов. – Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда уларга ҳар томонлама кўмак беришга, йирик саноат ярмаркаларида иштирокини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз. Жамғармамиз кўмаги билан жорий йилда олти фермер ва тадбиркор Германияда ўтказилган “Яшил ҳафта – 2016” халқаро кўргазмасида иштирок этиб, 3,4 миллион долларлик экспорт шартномалари имзолашга эришди. Сариосиё туманидаги “Абдураҳмон Абдуғаффор Давр”, Қумқўрғон туманидаги “Абдурасул Садоқат”, Шўрчи туманидаги “Шермуҳаммад бобо” фермер хўжаликлари қарийб 30 минг доллар қийматидаги озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилди. Россия, Қозоғистон, Латвия ва бошқа давлатларнинг халқаро ташкилотлари, йирик савдо мажмуалари, импортчи корхоналари иштирокида Фарғонада ташкил этилган давра суҳбатида ҳам бир қатор экспортчи агрофирма ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар қатнашиб, 5 миллион долларлик экспорт шартномаси тузди. Ҳозиргача хорижлик ҳамкорларга 3 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Вилоятда нафақат маҳсулот етиштириш, балки уни сақлаш, сотиш, қайта ишлаш, экспортбоп қадоқлаш линиялари ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир.
Термиз тумани Янги ҳаёт маҳалласида «Gold dried fruits export» масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасида 350 киши меҳнат қилмоқда. Мева-сабзавотни сақлаш, қуритиш, музлатиш ва қадоқлашга мўлжалланган корхона хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда йилига 30 турдаги 42 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари қайта ишланиб, қадоқланади. Корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари, Россия, Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади. Корхонанинг «Gold agro fresh» агрофирмаси кўчатлар парвариш қиладиган иссиқхона хўжалиги ва интенсив боғларига эга.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самарасидир.