Имкониятлардан унумли фойдаланаётган тадбиркор
Мамлакатимизда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Айниқса, кейинги йилларда тадбиркорлик соҳасида яратилган қулай шароитлар, имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва давлат кўмаги орқали юзлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Афсонавий Ванғози” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фаёз Тўраев ҳам давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб келмоқда.
2018 йилда МЧЖ қошида ташкил этилган “Фарзод” пишириқ тайёрлаш цехи дастлаб атиги 5 нафар ходим билан иш бошлаган эди. Бугунги кунда эса бу ерда 60 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

– Турмуш ўртоғим пишириқ пишириш бўйича яхшигина тажрибага эга. Унинг ҳунари бу йўналишда тадбиркорлик қилишимга қўл келди, – дейди МЧЖ раҳбари Фаёз Тўраев. – У ва синглиси қизиқиши бор хотин-қизларни жалб этиб, пишириқ тайёрлашни ўргатишди. Кичик цех очиб, кам сонли жамоа билан иш бошладик. Имтиёзли кредитлардан фойдаланиб, зарур техникалар харид қилдик. Замонавий технология ва ускуналар харид қилиниши натижасида маҳсулот турлари ҳам, ишлаб чиқариш ҳажми ҳам сезиларли даражада ошди. Айни пайтда цехда 100 турдан ортиқ пишириқ маҳсулотлари тайёрланмоқда. Мавсумга қараб бир кунда 600-700 килограммдан 2 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз. Ҳозирда ишчиларимизнинг 10 нафари йигитлардан иборат. Улар қадоқлаш, сотув бўлими, буюртмаларни етказиш хизматларига жалб қилинган. Отам Зиёдулло Тўраев ишбилармон инсон. Тадбиркор бўлишимда уларнинг хизмати катта.
Эътиборли жиҳати шундаки, корхонада меҳнат қилаётганларнинг асосий қисмини маҳаллий хотин-қизлар ташкил этади. Улар нафақат доимий иш ўрнига, балки муайян касб ва кўникмаларга ҳам эга бўлмоқда.
Бугун “Фарзод” бренди остида тайёрланаётган маҳсулотлар Республиканинг турли ҳудудларига етказиб берилмоқда. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.
– Эримайдиган пишириқларга қишин-ёзин талаб бор, – дейди тадбиркор. – Цехдаги жараёнларнинг 85 фоизи қўл меҳнатига асосланган. Шу боис, ишчиларимизга тозалик, интизом борасида қаттиқ талаб қўйилган. Ҳар бир соҳада бўлгани каби бу йўналишда ҳам сабр керак. Баъзилар 15 кун, бир ой ишлаб кетиб қолади. Ҳозир тадбиркорларга яхшигина қулайликлар яратилиб, имтиёзлар бериляпти. Шундай бўлишига қарамай, баъзида кредит олишда муаммоларга ҳам дуч келяпмиз. Аммо тўхтаб қолиш йўқ. Келажакда фаолиятимизни янада кенгайтириб, жаҳон бозорига чиқиш, экспортни йўлга қўйиш ниятимиз бор. Келаси йилда Айрончи маҳалласида гўшт ва сутни қайта ишлаш ҳамда пишириқ тайёрлайдиган йирик завод қуриб, экспортбоп маҳсулотлар орқали даромадимизни янада оширмоқчимиз.

Сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида корхона янги босқичга кўтарилди. 2025 йилда олинган даромадлар ҳисобидан қўшимча ишлаб чиқариш биноси қурилиб, шоколад тайёрлаш, маҳсулотларни шоколад билан қоплаш ва автоматик қадоқлаш жараёнларини амалга оширадиган замонавий ускуналар ўрнатилди.
– Ушбу корхонада турмуш ўртоғим билан 7 йилдан буён ишлаймиз, – дейди Нафосат Давронова. – Ҳозирда турли шаклли пишириқларни тайёрлаяпмиз. Агар маҳсулотни тайёрлашда битта босқичда хатоликка йўл қўйилса ҳам, сифати, кўринишига салбий таъсир қилиши мумкин. Битта пишириқ столи атрофида 4-5 киши ишлаймиз. Ҳар битта столга назоратчи бириктирилган. У маҳсулотларни текшириб, қабул қилиб олади. Тайёр маҳсулотлар эртаси куни ўзимизда қадоқланади. Шароитлар яхши. Ойлик маошимизни вақтида оламиз. Тушликка иссиқ овқат берилади. Ишга келиб, кетишимиз учун махсус техника ажратилган.
Фаёз Тўраев бугун фақат пишириқ билан чекланиб қолиш ниятида эмас. Яқинда корхона ҳузурида колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунинг учун замонавий мини-технологиялар ўрнатилиб, мутахассислардан тажриба ўрганилди ҳамда фермер хўжаликлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб янги маҳсулотларни бозорга чиқариш режалаштирилган.

Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини қизилтепалик тадбиркор Фаёз Тўраев фаолиятида кўриш мумкин. Зеро, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ўсиши, аҳоли фаровонлигининг юксалиши ва маҳаллалар тараққиёти, аввало, мана шундай ташаббускор тадбиркорлар фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири