Имкониятлар келтираётган самаралар
2015 йилда ер майдонларининг оптималлаштирилиши натижасида мамлакатимизда 17 минг 500 дан ортиқ янги фермер хўжалиги ва 250 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилган.
Президентимиз Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, тармоқда хўжалик юритишнинг фермерлик тизимига ўтилиши муносабати билан фермерлар учун ижара мулки ҳуқуқи асосида ажратиладиган ер майдонларини оптималлаштириш масаласига ҳам тўхталди.2015 йилда ер майдонларининг оптималлаштирилиши натижасида мамлакатимизда 17 минг 500 дан ортиқ янги фермер хўжалиги ва 250 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилган.
– Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, дастурхонимизнинг тўкин-сочинлиги, қишлоқ хўжалигини сердаромад тармоққа, фермерлик ҳаракатини қишлоқда етакчи кучга айлантириш ўз-ўзидан бўлиб қолгани йўқ, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Фермерлар кенгаши раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Сарсенбой Сейтназаров. – Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мақсад сари қатъий интилиш самарасидир. Буни Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги, хусусан, фермерлик ҳаракатини ривожлантириш борасидаги изчил ишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Ўтган йили ер майдонларининг оптималлаштирилиши туфайли Қорақалпоғистон Республикасида 4 минг 802 фермер хўжалиги ташкил этилиб, 18 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Бунда, биринчи навбатда, суғориладиган ерларнинг тупроқ шароити, сув таъминоти, ишчилар сони, фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти, ривожланиш тажрибаси, рентабеллиги ҳисобга олинди. Фермер хўжалигини юритиш учун ер майдонлари ажратиш ва тақсимлашнинг янги механизми жорий этилди. Унга кўра, қарорни туман ҳокими эмас, балки Фермерлар кенгаши ва Ер участкалари тақдим этиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси хулосаси бўйича халқ депутатлари туман Кенгашлари қабул қилмоқда.
Кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида пахтачилик ва ғаллачилик билан бирга, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичиликни ривожлантириш, аҳолига сервис хизмати кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Элликқалъалик Қаҳрамон Султонов аввалига бир неча йиллар турли фермер хўжаликларида меҳнат қилиб, кейинчалик ўзи алоҳида фермер хўжалиги ташкил этиш ниятида эди. Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ер майдонларининг оптималлаштирилиши унинг орзуларини юзага чиқарди.
– 72 гектар ерда пахта, 6,2 гектарда буғдой етиштирамиз, – дейди Элликқалъа тумани Қирққиз овулида янги ташкил этилган “Ташаббускор диёр” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Султонов. – Яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, энди балиқчилик тармоғини ҳам ташкил этмоқчимиз. Бу яна ўндан ортиқ ёшларни доимий иш билан таъминлаш имконини беради.