Имконият ва матонат байрами
Юртимизда сўнгги йилларда спорт соҳасини ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда инклюзив жамиятни шакллантириш, ҳар бир фуқаро учун тенг имконият яратиш, паралимпия ҳаракатини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойларда ўтказилаётган оммавий спорт тадбирлари инсон қадрини улуғлаш, ёшлар ва аҳолининг барча қатламларини спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу ташаббуслардан бири Бухоро вилояти Олот тумани спорт мактабида “Беш ташаббус паралимпиядаси”нинг туман босқичи юқори савияда ташкил этилди. Мазкур мусобақа ногиронлиги бўлган шахсларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни соғлом турмуш тарзига йўналтириш, спорт орқали ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини кучайтиришга хизмат қилди.
Тадбирда иштирокчилар жами 13 та спорт тури бўйича ўзаро беллашди. Ҳар бир йўналишда қатнашчилар юксак ирода, куч-ғайрат ва маҳоратини намоён этиб, мусобақаларга ҳақиқий спорт байрами руҳини бағишлади. Беллашувлар жараёнида соғлом рақобат муҳити ҳукм сурди, иштирокчилар бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ўзаро ҳурмат ва дўстлик намунасини кўрсатди.
Маълумотларга кўра, туман босқичида қатнашиш учун 400 нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтиб, уларнинг 250 нафардан зиёдини хотин-қизлар ташкил этди. Бу эса хотин-қизлар ўртасида спортга қизиқиш ва фаоллик тобора ортиб бораётганини, улар учун яратилаётган имкониятлар самара бераётганини кўрсатади.
[gallery-29050]
Бугун мамлакатимизда ногиронлиги бўлган инсонларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, уларни жамият ҳаётига кенг жалб этишга қаратилган ишлар янги босқичга чиқмоқда. Бундай мусобақалар нафақат ғолибларни аниқлайди, балки инсон қалбида ишонч, матонат ва ҳаётга интилиш туйғусини мустаҳкамлайди.
Олот туманида ўтказилган “Беш ташаббус паралимпиядаси” спорт мусобақаси инсон имконияти чекланмаслигини, ирода ва интилиш билан ҳар қандай маррага эришиш мумкинлигини яна бир бор намоён этди. Бу каби тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, тенглик ва бирдамлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.