Имконият ва имтиёзлар самараси
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, соҳа вакилларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун кенг имконият ва имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиш, соҳа вакилларининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун кенг имконият ва имтиёзлар беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Фарғона вилоятида тадбиркорларнинг иқтисодиёт ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги ҳиссаси йилдан-йилга ортмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 51 фоизи, иш билан банд аҳолининг 81,2 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келгани буни яққол тасдиқлайди. Тижорат банклари томонидан ажратилган 251 миллиард сўмликдан ортиқ кредит маблағлари ҳам соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Кейинги йилларда қишлоқларда ҳам тадбиркорлик кенгайиб, ўз маҳсулотлари билан ички ва ташқи бозорга кириб келаётган субъектлар сони кўпаймоқда. Фарғона туманидаги “Чимёнфорум” масъулияти чекланган жамияти шундай корхоналардан биридир. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган йўлак ҳамда иншоотлар қурилишида ишлатиладиган табиий плиталар сифати ва замонавий дизайни билан харидорларга манзур бўлмоқда.
– Тадбиркор сифатида фаолият бошлаганимизга 15 йилдан ошди, – дейди корхона раҳбари Оташин Абдураҳмонов. – Яширишнинг ҳожати йўқ, дастлаб ишни ташкил этишда, кейинчалик ишлаб чиқаришни янгилаш ва кенгайтиришда айрим сунъий тўсиқларни ҳам енгиб ўтишга тўғри келди. “Ҳолва деган билан оғиз чучимас”, дейди халқимиз. Айтайлик, сифатли маҳсулот тайёрлаш ва уни харидорга манзур қилиш учун замонавий технология, зарур хомашё, ишончли шерик ва албатта, етарли миқдорда сармоя керак. Рақобат кучайиб бораётган бир пайтда тадбиркорликни юритиш осон иш эмас. Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа тараққиётида янги босқични бошлаб берди.
Айни пайтда буюртма асосида 50 дан ортиқ турдаги сифатли табиий плиталар ишлаб чиқарилаётган корхонада 40 нафар ёшлар меҳнат қилаётир. Биноларга ўзига хос сайқал берадиган бу маҳсулотга ички бозорда талаб катта. Айниқса, замонавий массивларда қад ростлаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уйларга у янада кўрк бағишламоқда. Ўтган йили корхонада 1 миллиард 295 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 800 миллион сўмликдан ортиқ маҳсулот буюртмачиларга етказиб берилди.
Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.