Имконият ва имтиёзлар самараси
Фарғона вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 989 лойиҳа амалга оширилди ҳамда ўн мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ушбу мақсадларга 190 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик изчил қўллаб-қувватланаётгани соҳа вакилларининг улкан ютуқларга эришишида муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, истиқболли лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилаётгани бунда алоҳида аҳамият касб этмоқда.Фарғона вилоятида жорий йилнинг биринчи ярмида 1 минг 989 лойиҳа амалга оширилди ҳамда ўн мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Ушбу мақсадларга 190 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Марғилон шаҳридаги “Ҳамдамов Тоҳир Баҳодирович” хусусий корхонаси “Микрокредитбанк”дан олинган 200 миллион сўм кредит ҳисобидан замонавий ишлаб чиқариш корхонаси барпо этди. Хорижий технологиялар ўрнатилган корхонада бир неча турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Айни пайтда юздан ортиқ турдаги эркаклар, аёллар ва болалар пойабзали тайёрланаётган корхонада маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Истеъмолчилар талаб ва таклифи асосида маҳсулотларнинг янги турлари ишлаб чиқарилмоқда. Бунинг самарасида корхона маҳсулотларига ташқи бозордан ҳам буюртмалар кўпаймоқда.
– Мамлакатимизда яратилаётган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, фаолиятимизни изчил такомиллаштириб бормоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Баҳодир Охунжонов. – Президентимизнинг жорий йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони биз, тадбиркорлар учун айниқса, аҳамиятли бўлганини таъкидламоқчиман. Унда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулотда, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Замонавий андозалар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизга талаб ортаётгани бизни янада самарали ишлашга ундамоқда. Яқин кунларда корхонада яна бир янги тармоқ ишга туширилиб, қўшимча 60 иш ўрни яратилади.
Таъкидлаш жоизки, айни пайтда бу ерда 30 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлардир. Корхонада самарали ишлаш ва мароқли дам олиш учун барча шароит яратилган.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг кенг қўллаб-қувватланаётгани, хусусий сектор иқтисодиётимизни юксалтириш, юрт тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим омилга айланаётганидан ёрқин далолатдир.