Имконият, имтиёз ва самара
Мамлакатимизда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналари муҳим ўрин тутмоқда.
Мамлакатимизда йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишда “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Жиззах” ва “Ангрен” махсус индустриал зоналари муҳим ўрин тутмоқда.Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 18 мартдаги “Жиззах” махсус индустриал зонасини барпо этиш тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган ушбу махсус индустриал зонада транспорт, ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тўғридан-тўғри инвестициялар жалб этган ҳолда ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, юксак технологияли инновацион ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир.
Бу ерда мамлакатимиз ишбилармонлари ва хорижлик инвесторлар ҳамкорлигида 20 дан зиёд истиқболли лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Электроника, компьютер қисмлари, қуёш ва бошқа турдаги батареялар, маиший техникалар, машинасозлик ва автомобиль эҳтиёт қисмлари, фармацевтика, тиббиёт, косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳалар шулар жумласидандир. Айни пайтда уларнинг олтитаси фаолият юритмоқда.
Хитойлик ҳамкорлар билан қуёш коллекторлари ишлаб чиқарувчи “Қуёш иссиқлик энергияси” қўшма корхонаси йилига 50 минг дона қуёш сув иситиш коллектори ишлаб чиқариш қувватига эга. Энергия таъминоти бутун дунёда муаммога айланаётган бугунги кунда бу каби ишлаб чиқариш обьектларининг юртимизда иш бошлагани жуда аҳамиятлидир.
“JUITA GULSHANA INVEST” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасининг ишга туширилиши мамлакатимиз енгил саноатида муҳим воқеа бўлди. “Ўзбекенгилсаноат” давлат акциядорлик компанияси ҳамда хитойлик ишбилармонлар ҳамкорлигида ташкил этилган корхона саноатлашган тикув дастгоҳлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
– “Жиззах” махсус индустриал зонаси ҳудудидаги бинони харид қилиб, тўла таъмирдан чиқардик, – дейди қўшма корхона раҳбари Равшан Бобоев. – Корхона Япониянинг жаҳонга машҳур “JUITA“ компанияси технологияси асосида ишлаб чиқарилган тикув машиналарини йиғиш ва эҳтиёт қисмлар тайёрлаш дастгоҳлари билан таъминланди. Натижада “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” тамғаси билан йилига 15 минг дона саноатбоп тикув машинаси ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ишга туширилди. Ҳозир бу ерда бир неча турдаги тикув машиналари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг учдан бир қисми хорижга экспорт қилинади. Айни пайтда 50 доимий иш ўрнига эга корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш ишлари давом эттирилаётир. Жумладан, тикув машиналари қисмларини шу ернинг ўзида тайёрлаш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
2017 йилга бориб тикув машиналари учун эҳтиёт қисмларнинг 50 фоизини шу ернинг ўзида тайёрлаш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ип ўраш дастгоҳлари ишлаб чиқариш, трикотаж маҳсулотларини тикишда кенг фойдаланиладиган ярим сунъий иплар, кийимлар учун безак, ўровчи материаллар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳам режалаштирилган. Лойиҳа амалга оширилгач, 50 дан ортиқ қўшимча иш ўрни яратилади.
Хитойлик ишбилармонлар билан самарали ҳамкорликнинг яна бир намунаси “Avto pad systems” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонадир. Бу ерда енгил автомобиллар ва юк машиналари учун тормоз колодкалари тайёрланмоқда. Бу келажакда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган барча турдаги енгил ва юк машиналарни шу хилдаги эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш имконини беради.
Корхона таъсисчилари ҳамкорликни ишлаб чиқаришнинг бошқа йўналишларида ҳам давом эттирмоқда. Ойига 250 тонна бурама мих, 140 тонна металл профиль ишлаб чиқараётган “Master screw systeуms” қўшма корхонасининг ишга туширилиши ҳам хорижлик ишбилармонлар ва мамлакатимиз тадбиркорлари ҳамкорлигининг амалий ифодасидир.
“Жиззах” махсус индустирал зонасидаги қулай инвестицион муҳит кўплаб мамлакатлар тадбиркорларини жалб этмоқда. Хусусан, бу имкониятлардан Жанубий кореялик ишбилармонлар ҳам самарали фойдаланаётир. Мустақиллигимизнинг 24 йиллик байрами арафасида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятининг Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва Жанубий Кореянинг “OWTLL” корпорацияси билан молиявий шерикликда йилига икки ярим миллион дона энергия тежамкор светодиодли лампалар ишлаб чиқарадиган умумий қиймати 2,5 миллион долларлик “Ёрқин чироқлар” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона ишга туширилди.
Махсус индустриал ҳудудда ҳозирга қадар амалга оширилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 39 миллион АҚШ долларидан ошди. Янги ишга туширилган корхоналарда 300 дан зиёд иш ўринлари яратилди. Йил якунига қадар яна олтита қувватни ишга тушириш мўлжалланмоқда.