Имконият бор жойда натижа бўлиши шарт
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев раислигида Бекобод шаҳрида танқидий-таҳлилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда вилоят ва шаҳар ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда маҳалла еттилиги вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида 2026 йилнинг тўққиз ойида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, йил охиригача бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда 2027 йилдаги устувор йўналишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестицияларни жалб этиш ва экспорт ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур йўналишлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимини топиш ва белгиланган кўрсаткичларга эришиш мақсадида вилоят даражасидаги масъул раҳбарлар маҳаллаларга бириктирилди.

Қайд этилганидек, Бекобод шаҳрида 107 минг 600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Хонадонлар сони 26 мингдан ортиқ бўлиб, жами 33 та маҳалла мавжуд. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий масалаларни манзилли ҳал этиш ва маҳаллаларнинг иқтисодий имкониятларини тўлиқ ишга солишни тақозо этади.
2026 йилнинг январь-сентябрь ойлари якунларига кўра, шаҳарда ишсизлик даражаси 4,2 фоизни ёки 1 минг 873 нафарни ташкил этган. Камбағаллик даражаси эса 3,6 фоизга тенг бўлиб, 999 та оиладаги 3 минг 880 нафар аҳоли мазкур тоифага киритилган. Шунингдек, ҳисобот даврида шаҳарда 149 та жиноят қайд этилган. Уларнинг 33 таси ёшлар, 8 таси эса хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келади. Давлат идораларига жами 2 минг 380 та мурожаат келиб тушган бўлиб, такрорий мурожаатлар улуши 9,1 фоизни ташкил этган.

Ушбу кўрсаткичлар аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш, муаммоларни жойида ўрганиш ва уларнинг ечимига қаратилган чораларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
Йиғилишда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, дебитор қарздорликни бартараф этиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги ҳудудлар” йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсумига тайёрлиги, таълим муассасаларида иситиш тизимлари ва зарур инфратузилманинг ҳолати, тиббиёт муассасаларининг мавсумга шайлиги ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Жойлардаги маҳаллалар фаолияти таҳлил қилинганда, айримларида ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар ҳамон қониқарсиз даражада қолаётгани қайд этилди. Жумладан, рейтингнинг қуйи ўринларидан жой олган “Тинчлик”, “Бирдамлик”, “Туркистон”, “Ёшлик” ва “Янги ҳаёт” маҳаллаларида аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва инфратузилмани яхшилаш борасидаги ишларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, ёшлар билан ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тарбияси оғир ёшлар билан манзилли иш олиб бориш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Аҳоли учун маданий тадбирлар ва сайёр тиббий қабулларни ташкил этиш орқали жойлардаги муаммоларни аниқлаш ҳамда уларга амалий ечим топиш муҳимлиги қайд этилди.

Вилоят ҳокими муҳокама қилинган ҳар бир йўналиш аҳоли турмуш фаровонлиги, ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ва ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Масъул раҳбарлардан мавжуд муаммоларга юзаки ёндашмасдан, уларни аниқ ҳисоб-китоблар, манзилли чора-тадбирлар ва амалий ечимлар асосида бартараф этиш талаб қилинди.
Белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ҳар бир раҳбарнинг шахсий масъулиятини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш ва натижадорликни мунтазам назорат қилиб бориш зарурлигига алоҳида урғу берилди.
А. Мусаев, ЎзА