Ҳилпира байроғим, ҳилпира мағрур!
Истиқлолимиз, бахт-иқболимиз рамзи бўлган миллий байроғимизни севиб қадрламаган киши топилмаса керак.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси
Давлат байроғи қабул қилинган кун!
Ранглар жилосида бахт ва осойишталик улашиб ҳилпираётган миллий байроғимизга кўзимиз тушганда, уни фахр билан кўкка кўтарганимизда бутун вужудимиз ҳаяжонга, фахру ифтихорга тўлади. Истиқлолимиз, бахт-иқболимиз рамзи бўлган миллий байроғимизни севиб қадрламаган киши топилмаса керак.
Юксалиш ва ривожланиш сари дадил ҳилпираётган, хоҳ осмонўпар бинолар пештоқида бўлсин, хоҳ иш столи устида виқор тўкиб турган Давлат байроғи ўзида миллий-маданий анъаналарни мужассам этгани шундоққина акс этади. Байроқдаги мовий ранг мангу осмон ва оби ҳаёт рамзи бўлиб, тириклик мазмуни, яхшилик, донишмандлик, шон-шуҳрат ва садоқатдан маъно беради. Тинчлик, поклик, беғуборлик даракчиси бўлган оқ рангнинг уйғунлашуви ажиб бир гўзаллик кашф этаётган бўлса, яшил ранг она табиатнинг янгиланиши, навқиронлик, умид ва шодлик тимсоли ҳисобланади.
Байроқ узра кўтаринкилик руҳида уфуриб турган қизил чизиқлар вужудимизда жўшиб оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқлари бўлса, тарихий анъаналаримиз, қадимги қуёш йилномасига бевосита алоқадор бўлган ўн икки юлдуз тасвири ҳам ундан ўрин олган. Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккуримизда “нужум илми” тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Ўн икки юлдуз тасвири ўзбек халқи маданияти қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиш рамзи сифатида тушунилади.
Ривожланиш йўлидан дадил кетиб бораётган диёримиз истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқани изчил йўлга қўйди. Бугун ҳар бир ҳамкор давлатларда миллий байроғимиз ёрқин нурланаётганига кўзингиз тушади. 1992 йилда ўз сафига қабул қилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти пештоқида ҳилпираётган ёки турли тантаналар, фестиваллар, спорт мусобақаларида юқорига кўтарилаётган Ўзбекистон Давлат байроғини кўрганда кўнгилларни ҳаяжон қамрамай илож йўқ. Беихтиёр кўзларда ёш айланади. Бу киндик қони тўкилган Ватанга, миллатга бўлган муҳаббат ҳиссидир.
– Байроғимиз том маънода Ватан меҳрини, ҳароратини туйишинг учун керак бўладиган, юрт қадрини сарбаланд қиладиган муқаддас мужда эканлигини мен илк бор Саудия Арабистонига сафар чоғида англадим, – дейди “Фарғона ҳақиқати” газетаси мухбири, “Дўстлик” ордени соҳибаси Маъмурахон Абдураҳимова. – Макка шаҳрига бир куннинг ўзида ўн миллиондан зиёд турли миллат вакиллари кириб чиқадилар. Каъба атрофида зиёратчилар, оломон шунчалик кўпайиб кетадики, қисқа дақиқаларда ҳамроҳларинг – гуруҳдошларингни йўқотиб, йўлингдан адашиб қолишинг ҳеч гап эмас. Бундай вазиятлар кўп бўлмаса-да, кутилмаганда рўй бериши турган гап. Шунда кўзларимиз энг аввало гуруҳ раҳбари қўлидаги Ўзбекистон байроғини ахтаришга тушади. Ҳилпираб турган байроқни узоқлардан таниймиз. Зотан улуғ манзил, муборак каъбада бўлсанг-да, Ватан меҳри шу байроқ воситасида бизни ўзига тортаверади. Ўшанда байроғимизнинг ҳамма давлатларникидан-да чиройли ва азиз эканига иқрор бўлганман.
– Танловда ғолиблик дипломини қўлимга олгач ҳаяжон билан минглаб томошабинлар орасидан устозимни излай бошладим, – дейди Испаниянинг Льоред-де Мар шаҳрида бўлиб ўтган “Sea sun festivаl” халқаро кўрик-танлов ғолиби Фарзона Юлдашева. – Устозим Олимжон Икромов давлат байроғимизни баланд ҳилпиратганча мени қутларди. Шу дам қалбимдан бир оташ отилди, хурсандчилик ёшлари юзимни ювди. Мен ўзбек қизи сифатида юртимиз байроғини дунё саҳнасида туриб баланд кўтара олганимдан хурсанд эдим.
– Ҳозирги тинч, осойишта даврда байроқлар мустақиллик ва миллийликни акс эттириб туради, – дейди Фарғона давлат университети талабаси Иқбол Қосимов. – Ҳар гал дунё ареналарида, баланд пештоқларда Ўзбекистон байроғи ҳилпирайди. Бундан қувончим ичимга сиғмайди, тўлқинланиб кетаман. Чин маънода халқ тарихи, бугуни ва келажаги ифодаси бўлган давлат рамзлари ҳам Ватан каби азиз ва муқаддасдир. Мустақил Ўзбекистон байроғи ҳам ҳар вақт миллий ғурур, фидойилик ва ватанпарварликни шакллантиришда энг муҳим восита сифатида қадрланади.
Байроғимизда яхшилик, шон-шуҳрат, садоқат, поклик, халқнинг навқиронлиги акс этган. Шундай экан, фахр ва ифтихор, ҳурмат ва эҳтиром руҳида қадр топган давлат байроғи ҳамиша мустақиллик келтирган буюк неъматлардан бири сифатида юксак қадр топиб бораверади.