Илмли аёл – жамият таянчи
Андижон давлат техника институтида “Илмли аёл: муваффақият сари дадил йўл” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда институт профессор-ўқитувчилар, олималар, иқтидорли талабалар ҳамда талаба қизлар иштирок этди. Унда иқтидорли талабалар, ёш олималарнинг илм-фан, жамият ривожидаги ўрни ва роли, илм-фан билан шуғулланадиган хотин-қизлар сафини кенгайтириш, бу борада институтда амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

– Давра суҳбатини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, илм йўлида муваффақиятга эришишни мақсад қилган фаол ва иқтидорли талаба-қизларни бу борада юқори натижаларга эришган олималар билан мулоқот ва ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга қаратилган, – дейди институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Наргизахон Мирзаева. – Қолаверса, талаба қизларни номдор стипендиялар соҳибалари ҳамда турли грантлар билан таништириш, уларни илм-фан соҳасига кенгроқ жалб этишдан иборат.

Тадбирда Беруний номидаги давлат стипендияси соҳибаси Зилола Жалолова, Беруний номидаги давлат стипендияси ҳамда Шимолий Хитой технологиялар университети алмашинув дастури гранти соҳибаси Нигора Рустамова, “Йил талабаси – 2025” кўрик-танловининг “Йилнинг энг фаол ихтирочи-инноватор талабаси” йўналиши ғолибаси Шаҳло Мадаминова, Беруний номидаги давлат ва ректор стипендияси соҳибаси, “Йилнинг иқтидорли талабаси”, “Йилнинг энг фаол илмий талабаси” танловлари ғолибаси Одина Камолдинов, бир нечта халқаро грантлар соҳибаси Зилола Маматалиева иштирокчиларга ўзлари олиб бораётган илмий-тадқиқот ишлари, эришган ютуқлари, тажрибалари ҳақида гапирди.

Тадбир давомида муваффақиятга эришган олима аёллар мавзу доирасида талаба қизларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Давра суҳбати талаба қизларнинг грант танловларида иштирок этиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш борасидаги билим ва малакаларини бойитиш билан бирга, уларга илм-фан йўлида дадил бориши учун улкан мотивация берди.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.