Илмли аёл – жамият кўзгуси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сўнгги йилларда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳасида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланиб, бу йўлда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ҳозирги кунда Сурхондарё вилоятида 960 та умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олаётган 540 минг 387 нафар ўқувчининг 266 минг 398 нафарини қизлар ташкил қилади. Бундан ташқари вилоятдаги профессионал таълимга тайёрловчи таълим муассасаларига 5 минг 359 нафар қизлар қамраб олинган.
[gallery-14229]
Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 74 минг 856 нафар талабанинг 41 минг 171 нафарини хотин-қизлар ташкил қилмоқда. Бу 41 мингдан ортиқ оилаларга ўқимишли опа-сингилларимиз орқали зиё кириб боради, деганидир. Олий таълимда ўқиш учун хотин-қизларга алоҳида квоталар ажратилгани, шунингдек, магистратурада таҳсил олаётган хотин-қизларга шартнома пуллари давлат томонидан тўлаб берилаётгани қувонарли.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ “Илмли аёл – жамият кўзгуси” шиори остида “ХХI аср аёли” хотин-қизлар фестивали юртимиз бўйлаб ўтказилиши кўзда тутилган.
Сурхондарё вилоятида ҳам ушбу фестиваль юқори савияда ташкил этилди. Фестиваль доирасида “Илмли аёл — жамият кўзгуси”, “Юрт тараққиётига менинг ҳиссам”, “Менинг биринчи ютуғим” мавзуларида флешмоб ва челленжлар, “Билим олиб эришган биринчи ютуғим” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар, ўқувчи қизлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида “Илм - саодат калити”, “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, “Аёл илмли бўлса, келажак авлод билимли бўлади”, “Соғлом она, соғлом бола ва соғлом оила” мавзуларида давра суҳбатлари, “Билимдон қизлар” викторинаси, “Замонавий хотин-қизлар либоси” мавзусида миллий либослар намойиши, “Мен ташаббускор, лидер аёл бўлмоқчиман!” мавзусида раҳбар ва лидер аёллар билан учрашувлар ўтказилди.
“Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” кўрик-танлови ҳам турли соҳада фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган хотин-қизлар учун ўз салоҳиятини намоён этишга катта майдон яратди. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Имом Термизий номидаги халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА