Илм йўлининг бошланиши
2 сентябрь – қалбларни ҳаяжонга солувчи қўнғироқ овози янграйдиган, янги ўқув йилининг илк қадами қўйиладиган муқаддас кун. Бу кун – нафақат мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган жажжи болажонлар, балки келажак сари интилаётган ҳар бир ўқувчи, талаба ва уларга бор меҳрини берувчи устозлар учун ҳақиқий байрам.
Мактаб – бу шунчаки бино эмас, бу ерда инсон ҳаётининг энг гўзал хотиралари ва келажак пойдевори яратилади. Буюк мутафаккиримиз Абдулла Авлоний айтганидек: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”. Мана шу саодат йўлидаги илк қадам айнан бугунги қўнғироқ билан бошланади.
Республикамизнинг барча ўқув масканларида бўлгани каби Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 351- ва 352-мактабларда ҳам янграган биринчи қўнғироқ садолари қалбларни ҳис-ҳаяжонга тўлдирди.

Ёзги таътилдан соғинч билан қайтган болажонлар учун синф хоналарининг ўзига хос шинам муҳити, парталарнинг соғинчи ва узоқ кутилган қадрдон нигоҳларнинг тўқнашуви ўзгача сеҳр бағишлади. Биринчи қўнғироқ овозида шундай қудрат борки, у ҳар бир қалбда билимга бўлган чанқоқлик ва юксак чўққиларни забт этиш иштиёқини уйғотади.

– Бу йил мактаб остонасини ўқувчи ва ўқитувчиларимиз жонажон Ватанимиз мустақиллигининг шонли 35 йиллик тантаналарига гувоҳи бўлган ҳолда, катта шоду хуррамлик билан босиб ўтмоқдалар, – дейди тумандаги 351-мактаб директори Вазира Сулаймонова. – Бу эса биз – мураббийларга ўзгача, юксак масъулият юклаши айни ҳақиқат. Муҳтарам Президентимиз томонидан шарафли касб эгалари бўлган устоз ва мураббийларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва эътироф ҳар бир педагог қалбини тоғдек кўтарди, янги марраларга руҳлантирди. Бугун ёшларимизга ҳар томонлама пухта билим бериш учун барча шароитлар яратилган, меҳнатимизга яраша рағбат ҳам кам эмас. Биз мана шу юксак ишончни оқлаб, ёшларимизни ҳам илмда, ҳам одоб-ахлоқда етакчи қилиб тарбиялашимиз, уларнинг шуурига Ватанга бўлган чексиз муҳаббат туйғусини сингдиришимиз лозим.

Жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган олим Абу Райҳон Беруний таъкидлаганидек: “Билим ва илмдан ортиқроқ бойлик, донолик ва маърифатдан улуғроқ шараф йўқдир”. Мактаб даргоҳи бизга мана шу бебаҳо бойликни ҳадя этувчи хазинадир.
Бугунги янграган илк қўнғироқ сизнинг порлоқ келажагингиз сари ташланган залворли қадамлар учун йўлингизни ёритувчи садо бўлиб янграсин!
Асрор Сулаймонов,
ЎзА.