Илм ва меҳнат уйғунлиги
Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги “BMB Agro” далаларида помидор ҳосили пишиб етилди. Илмий ёндашув, замонавий агротехнологиялар ва меҳнаткаш деҳқонлар саъй-ҳаракатининг уйғунлиги натижасида етиштирилган ҳосил нафақат ички бозор эҳтиёжини таъминлашга, балки экспорт географиясини кенгайтиришга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
Арнасой туманида жойлашган “BMB Agro” далаларида бу йилги помидор ҳосили пишиб етилди. Бу ҳосил қишлоқ хўжалигида илм-фан, инновация ва замонавий агротехнологияларнинг самарали қўлланилиши ўз натижасини бераётганининг яна бир амалий ифодаси бўлмоқда.
Ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот сифатини юксалтириш йўлида амалга оширилган агротехник тадбирлар ўз вақтида ва илмий асосда ташкил этилди. Айниқса, ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос навларни танлаш, уларни синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этишда “BMB Holding” мутахассислари ҳамда олимларининг изланишлари муҳим аҳамият касб этди.

Маълумки, мамлакатимизда аграр соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими ҳамда замонавий хизматлар кўрсатишни янада ривожлантириш тўғрисида”ги Фармони билан соҳада илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, таълим, илмий тадқиқот ва амалиёт ўртасидаги узвий ҳамкорликни таъминлаш вазифалари белгилаб берилган. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида аграр тармоқда илмий ёндашувларнинг кенг татбиқ этилаётгани бугун “BMB Agro” фаолияти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Етук агрономлар ва соҳанинг тажрибали мутахассислари иштирокида экинларни парваришлаш, уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда томчилатиб суғориш каби замонавий технологияларни жорий этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Натижада юқори ҳосилдорликка эришиш учун мустаҳкам замин яратилди.

Яқин кунларда пишиб етилган помидорларни йиғиб-териб олиш ишларига киришилади. Экологик тоза ва сифатли маҳсулотлар аҳоли дастурхонига етказиб берилиши баробарида ташқи бозорларга ҳам йўналтирилади. Бу эса нафақат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, балки экспорт салоҳиятини ошириш ва қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади.
Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришишнинг асосий омилларидан бири — илм-фан, инновация ва замонавий технологияларнинг ишлаб чиқариш билан уйғунлашувидир. Арнасой далаларида пишиб етилган мўл ҳосил ана шу эзгу мақсадлар ҳаётда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунаси сифатида эътироф этилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири