Илм, тафаккур ва маънавият уйғунлиги
Андижон давлат техника институтида “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий ва ижодий тадбирлар бўлиб ўтди.
Талаба ёшларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилган тадбирларда институт профессор-ўқитувчилари, бир гуруҳ ижодкорлар, талабалар иштирок этди.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси тадбирлари очилишига бағишланган маросимда сўз олган Андижон давлат техника институти Ёшлар масалалари, маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Дониёрбек Саримсоқов юртимизда, хусусан, институтида талаба ёшларнинг тафаккур ва маънавий дунёқарашини бойитиш, уларни китобхонликка кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини, ушбу жараёнда адабиётшунослар, ижодкорлар билан ўтказилаётган учрашув ва мулоқотлар муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлади.
Тадбирда таниқли ижодкорлар Абдулла Шер, Абдунаби Бойқўзиев ҳамда Фозил Фарҳод иштирок этди.


Ижодкорлар талаба-ёшлар билан самимий мулоқот қилиб, ўзларининг ҳаёт ва ижод йўли, адабиёт оламидаги изланишлари, асарлари ҳамда ижодкорликнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирди. Айниқса, китоб мутолаасининг инсон тафаккури ва дунёқарашини шаклланишидаги ўрни, мустақил фикрлаш, ижодий изланиш ва ўз устида мунтазам ишлаш масалалари хусусида алоҳида сўз борди.
Институтга ташриф буюрган ижодкорлар “Яшил макон” лойиҳаси доирасида институт ҳудудида манзарали дарахт кўчатларини экиш орқали яшил ва обод муҳит яратишга ўз ҳиссаларини қўшди.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбирда талаба-ёшлар таниқли адибларнинг портретларини чизиш орқали ўзларининг мусаввирлик борасидаги истеъдод ва маҳоратларини намойиш этди. Жараён давомида адиблар талабалар билан бевосита мулоқот қилиб, уларга ўзларининг таклиф ва тавсияларини берди.


“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида турли интеллектуал танловларда фаол иштирок этиб, юқори натижаларни қайд этган бир гуруҳ талаба-ёшлар институт ректорати томонидан тақдирланди. Шунингдек, ёшларнинг маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш ва китобхонликни тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ижодкорлар Абдулла Шер, Абдунаби Бойқўзиев, Фозил Фарҳод ҳамда институтнинг бир гуруҳ ўқитувчи, ходим ва талабаларига институт касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.

Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири