Илҳом булоғи қайнаган чоғда...
Адабиётшунос олим, назму насру драматургияда қалами чархланиб, ижод булоғи тиниқ тус олаётган тиниб-тинчимас ижодкор Илҳом Ҳасан (Ҳасанов Илҳом Аҳадович) ҳаёт бўлганида бу йил умрининг олтмишинчи баҳорини қаршилаган бўлар эди.
Тақдир унга дунё табибларининг раиси бўлиб етишган Абу Али ибн Сино, тасаввуф таълими устозларидан Хожа Ориф Ревгарий, ҳозирги замон тожик адабиёти асосчиси Садриддин Айний, ХХ аср ўзбек маърифатпарварлари, оқсоқоли Абдурауф Фитрат, таниқли файласуф олим академик Иброҳим Мўминов, жангчи шоир Султон Жўра, ўзбек адабиётининг йирик вакили Жамол Камол каби кўплаб алломалар юрти – Бухоро вилоятида таниқли журналист, ёзувчи Аҳад Ҳасан хонадонида дунёга келишни насиб этган эди. Хонадонида республикада таниқли адабиётшунос олимлар, шоиру ёзувчилар, турли соҳа эгалари бўлмиш зиёлиларнинг тез-тез уюштириладиган суҳбатларидан баҳраманд бўлиш Илҳом Ҳасан дунёқарашининг жуда эрта шаклланишига, ўзбек ва тожик адабиётига чуқур ҳавас уйғонишига туртки бўлди. У бошланғич мактабни битирганда Ҳасан бобо, Аҳад акалар йиққан китобларнинг аксар қисмини ўқиб уқиб бўлган, Алишер Навоий, Бобур, Нодира, Фурқат, Муқимий, Огаҳий, Завқий, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби ўзбек адабиёти дарғаларининг ўнлаб ғазаллару шеърларини ёд олган эди. Шунинг учун бўлса керак, ҳали ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ кичик-кичик қатралар, ҳикоячалар, шеърлар ёзиб, улардаги оригинал ўхшатишлар, қочиримлар, ўзига хос хулосаю мулоҳазалари билан вилоят ижодкорлари, адабиёт ихлосмандларининг эътиборини қозониб улгурган эди.
Ўрта мактабни олтин медаль билан тугатган Илҳом Ҳасан Самарқанд Давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетига имтиёзли асосда ўқишга кирди. Ўзининг ижодкорлиги, ғоят тиниб-тинчимаслиги, ташаббускорлиги, жонкуярлиги, ғайрат-шижоати билан факультет талабалари, профессор-ўқитувчилари орасида тез обрў-эътибор топди, факультет талаба-ёшлари етакчисига айланди. Факультет қошида ташкил этилган вилоят ижодкор ёшларининг “Шалола” клубини унинг раҳбари филология фанлари доктори, профессор Нуриддин Шукуров билан ҳамкорликда доимий фаолият юритадиган ижодий уюшмага айлантирди. Вилоят ижодкор ёшларининг бошини бириктирувчи бу клубнинг йиғилишлари ҳар ойда мунтазам равишда ўтказилар, уларда адабиётга эндигина тетапоя бўлиб кириб келаётган ёш ижодкорлар билан бир қаторда, қадами тетиклашиб, қалами ўткирлашиб қолган ижодкорларнинг ҳам янги асарлари муҳокамага қўйилар, тез-тез атоқли шоирлар, ёзувчилар, адабиётшунос олимлар учрашувларга таклиф қилинар, талаба-ёшлар устоз адибларнинг ижод сирлари билан яқиндан таништирилар эди. Мана шундай қизғин ижодий муҳит қучоғида камол топа бошлаган Илҳом Ҳасан университетни битиргунича “Сафар” (1978), “Ота” (1979), “Олтин балиқча” (1979), “Осма кўприк” (1979), “Латофат” (1979), “Ишқобод фожиаси” (1979) каби ҳикоялари билан республикамизнинг нуфузли газетаси “Ўзбекистон маданияти”, кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, Бухоро вилоятининг “Бухоро ҳақиқати”, Самарқанд вилоятининг собиқ “Ленин йўли”(ҳозирги “Зарафшон”)газетаси саҳифаларида ўз ижод намуналари билан мунтазам чиқишлар қилиб, адабиёт ихлосмандлари, кенг жамоатчилик, ижодкорлар орасида танила борди. 1977 йили Самарқанд Давлат университетининг ташкил этилганига 50 йил тўлиши муносабати билан юбилей тадбирлари уюштириладиган бўлди. Бу вақтда биз ўзбек ва тожик филологияси факультетининг иккинчи курсида таҳсил олар эдик. Илҳом Ҳасан факультет ёшлар ташкилотининг котиби сифатида университет тўйига совға тайёрлаш ташаббуси билан чиқди ва биз унинг таклифни қўллаб-қувватладик. Курсимиз талабалари билан келишиб, факультет қошидаги драма тўгарагида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шукур Самандаров режиссёрлигида Иззат Султон ва Уйғун қаламига мансуб “Алишер Навоий” драмасини ярим йил ичида тўлиқ саҳналаштирдик. Гуруҳимиз талабалари – Илҳом Ҳасан Алишер Навоий, Муаттар Тушаева Гули, Собир Хўжаев Ҳусайн Бойқаро, Гулжаҳон Пардаева Қундуз, Жўрақул Шодмонов навкар, мен – Мардон Болтаев Жалолиддин ролини, қолган ролларни эса юқори курс талабалари ижро этишди.
Тўғрисини айтганда, пьеса жуда муваффақиятли чиқди. Биз уни университет, шаҳар ва вилоят раҳбарлари, юбилейга келган меҳмонлар олдида “Офицерлар уйи” саҳнасида, Регистон майдонидаги “Шоирлар хиёбони”да бир неча бор ижро этдик. Айниқса, Илҳом Ҳасан Алишер Навоий роли ижроси билан яна ҳам машҳур бўлиб кетди. У қаерга борса, Алишер Навоий монологини айтиб беришни илтимос қилишар эди ва у ушбу монологни ҳар сафар ўзгача бир завқу шавқ билан қойил мақом қилиб ижро этар эди... Илҳом Ҳасан университетни имтиёзли диплом билан тугатгач, ўз тақдирини ўзбек ва тожик филологияси факультети профессор-ўқитувчилари, ижодий жамоаси билан боғлади. Ҳозирги ўзбек адабиёти кафедраси қошида кундузги аспирантурада ўқир экан, адабиётшунослик илми билан чуқур шуғулланиш асносида ижодини янада такомиллаштира борди, ўзи танлаган илмий ва ижодий мавзулар устида жиддий изланди. Мана шундай тинимсиз изланишларнинг самараси ўлароқ бирин-кетин “Ижара” (1982), “Ажаб дунё” (1983), “Муҳаббат” (1986), “Кенг уйнинг келинчаги” (1986), “Кеч кузак, кўк олмалар” (1987), “Гуноҳ ва гувоҳ” (1988), “Васваса” (1988), “Таҳлика” (1990) номли бир қатор ҳикоялари босилиб чиқди. Бу орада ўз қаламини қиссачиликда ҳам синаб кўрган Илҳом Ҳасаннинг “Олам тўла ялпиз” (1984) қиссаси ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. 1986 йилга келиб унинг илк ҳикоялар тўплами ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди.
Илҳом Ҳасан талабаларга ўзбек адабиётидан маърузалар ўқир экан, Алишер Навоий, Бобур, Нодира, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг кўплаб шеърларини ёддан ўқир, назарий фикрларни иқтибослар, чиройли мисоллар билан асослар эди. У замондош шоирлар ва адибларнинг янги чоп этилган ёки журналларда босилган асарларини топиб изма-из ўқиб борар, зукко ижодкор сифатида ҳаётни синчиклаб ўрганар, ундаги ҳар бир икир-чикир ҳам унинг эътиборидан четда қолмас, улардан унумли фойдаланар, тимсоллар яратар, қаҳрамонларининг ички ҳис-туйғуларини бера оладиган ажойиб воситага айлантира олар эди. Шундан бўлса керак, унинг қисса ва ҳикояларининг мавзулари ҳам хилма-хил бўла борди. У асардан асарга ижодий ўсиб борар экан, ўз ҳикояларида ҳаётнинг мураккаб қирраларини қадам-бақадам кашф этишга интилар, ўз қаҳрамонларини оддий инсонлар орасидан қидирар, топар ва уларни ўзига хос тарзда такрорланмас феъл-атворлари билан қаламга олар эди.
Ёш адиб ўз ижодий кучини драматургия соҳасида ҳам синаб кўрди. У яратган “Бири кам дунё” (1990) пьесаси Самарқанд вилоят драма театрида муваффақият билан саҳналаштирилди. Илҳом Ҳасан таржима соҳасига ҳам қўл уриб, Д.Н.Логофетнинг “Ҳуқуқсизлар мамлакати” асарининг Бухоро ҳудудига тааллуқли қисмини ўзбек тилига ўгирди.
Илҳом Ҳасан адабиётшунос олим сифатида 1986 йил “Асқад Мухтор романлари поэтикасининг реалистик ва романтик хусусиятлари” мавзусидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва шундан сўнг адабиётшуносликнинг долзарб муаммолари билан жиддий шуғуллана бошлади. Кўп ўтмай ёш олим Алишер Навоийнинг назмда яратилган “Фарҳод ва Ширин” достони ва Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини қиёсий ўрганишга бағишланган “Бир баҳрнинг икки гавҳари”, Асқад Мухторнинг “Кумуш тола” қиссаси таҳлилига бағишланган “Солноманинг яна бир саҳифаси”, янги давр ёшлар насри таҳлили борасида сўз юритилувчи “Давр қаҳрамон тақдирида”, Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романининг ғоявий-бадиий хусусиятлари ҳақида баҳс юритувчи “Таназзулнинг теран талқини”, Тоғай Муроднинг “Ойдинда юрган одамлар” ҳамда Хайриддин Султоновнинг “Адаш Карвон” қиссаларининг ўзига хос жиҳатлари талқинига бағишланган “Икки қисса – бир ҳисса”, Ҳамид Олимжон ижодига чуқур эҳтиром билан назар ташланган “Ҳақиқат турланмайди, тусланмайди…” каби бир қатор илмий асосга таянувчи мақолалари билан янги давр ўзбек мунаққидлари қаторидан ўрин олишга эришди. Унинг адабиётшунос олим сифатида теран фикрлай олиши “Ёшлик” журналининг 1983 йил 7-сонида эълон қилинган атоқли адиб Асқад Мухтор билан уюштирилган суҳбатида янада яққол кўзга ташланади. Ёш ижодкор, адабиётшунос олим, тажрибали педагог, жамоатчи раҳбар сифатида Самарқанд Давлат университети жамоаси, ёшлари орасида катта обрў қозонган эди.
Адабиётшунос олим Илҳом Ҳасан катта илмий-ижодий куч билан докторлик диссертацияси устида кузатишлар олиб бораётган эди. У ўзининг илмий-ижодий ишини ўқув-педагогик, жамоатчилик фаолияти билан уйғун олиб борар, ўзбек филологияси факультети талабаларига ҳозирги адабий жараён, адабий жанрлар, адабиётшуносликка кириш, адабиёт назарияси, адабий танқид каби муаммоли мавзуларда қизиқарли маърузалар ўқир эди. Университет талаба-ёшлари етакчиси сифатида вилоят ва шаҳар миқёсида ўтказиладиган адабий-бадиий, маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашар, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга интилар, шунинг учун ҳам улар қалбидан чуқур жой олган эди.
Эндигина ўттиз ёшга тўлган, илмий-ижодий режалар билан қалби тўлиб-тошган, илҳом булоғи қайнаб жўш урган, навқирон чоғида бевақт келган ажал уни устозлари, дўстлари, шогирдлари, яқинлари даврасидан айириб, абадият сари олиб кетди. Ўттиз йилдирки давраларни жаранглатиб, барчани илҳомлантириб санъаткорона шеърлар ўқийдиган Илҳом Ҳасан орамизда йўқ. Аммо у атиги ўн йил ичида ёзиб қолдирган ўнлаб бадиий, илмий асарлари, ўқув-услубий китоблари, илмий-оммабоп мақолалари, ўз ижодига, илмига, кучига ишонч ҳосил қилдирган ва камолот сари етаклаган ижодкор шогирдлари, шириндан шакар фарзандлари сиймосида биз билан доимо бирга, шундай экан у йиллар оша биз билан – қалбимизда яшайверади...
М.Болтаев, СамДУ илмий котиби, доцент
ЎзА