Илғор тажрибаларни ўзлаштириш имконини берди
Сунъий интеллект журналистикага шиддат билан кириб келаётган бугунги даврда ахборот соҳаси вакиллари учун янги билим ва халқаро тажриба ҳар қачонгидан муҳим. Бишкек шаҳрида ўтган Халқаро медиа мактаб ана шу эҳтиёжга жавоб бўлган мулоқот ва тажриба майдонига айланди.
Қирғиз Республикаси пойтахти — Бишкек шаҳрида “Рақамли даврда журналистлар ва блогерлар: шахсий бренд, технологиялар ва трендлар — 2026” мавзусидаги Халқаро медиа мактаб ўз ишини якунлади.
Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Қирғизистон ва бошқа МДҲ давлатларидан 100 нафардан ортиқ журналист, блогер ҳамда медиа мутахассислар иштирок этишди. Улар орасида Жиззах вилояти вакили, журналист ва вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси матбуот котиби Сардор Ҳамрақулов ҳам бор эди.
Дастур доирасида рақамли медиа, сунъий интеллект технологиялари, шахсий бренд ва замонавий журналистиканинг янги тенденциялари муҳокама қилинди. Маҳорат дарслари ва амалий тренинглар қатнашчиларга соҳадаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш имконини берди.
Форум доирасида Сардор Ҳамрақулов Бишкек шаҳри мэри Айбек Жунушалиев билан ҳам суҳбат ўтказди. Унда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик, ёшлар ташаббуслари ва халқ дипломатиясини мустаҳкамлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни хусусида фикр алмашилди.

— Замонавий журналист учун тезкорликнинг ўзи етарли эмас. Энди билим, технология ва ишонч уйғунлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Биз ахборот тарқатувчи эмас, жамоатчилик ишончини шакллантирувчи куч эканимизни яна бир бор ҳис қилдим, — дейди Сардор Ҳамрақулов.
Халқаро медиа мактаб нафақат янги билимлар, балки янги ҳамкорликлар учун ҳам самарали майдон бўлди. Энг муҳими, бундай учрашувлар ёш журналистларни глобал ахборот муҳитида эркин ҳаракат қилиш, замонавий технологияларни пухта ўзлаштириш ва мамлакатлар ўртасидаги дўстлик кўприкларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири