Илғор мактаб ўқувчилари “Заковат”да ўз билимини намойиш этди
Тошкент шаҳридаги “Заковат арена” биносида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги “Заковат” турнирининг Республика босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 январдаги “Заковат” интеллектуал ўйинини аҳоли ўртасида оммавий-маърифий ҳаракатга айлантириш ва бошқа интеллектуал ўйинларни ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, “Заковат интеллектуал клуби” ННТ, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Юртимиз тарихида кетма-кет бешинчи йил ўтказилаётган ушбу мусобақа уч (туман (шаҳар), ҳудудий ва республика) босқичда бўлиб ўтди.
Мусобақанинг 13-17 апрель кунлари бўлиб ўтган туман (шаҳар) босқичида 8 минг 174 та мактаб жамоаси ва 57 минг 218 нафар ўқувчи, 21 апрель куни ўтказилган ҳудудий босқичида 624 та жамоа ҳамда 4 минг 368 нафар ўқувчи иштирок этди.
Ҳудудий босқич ўйинлари натижасида ҳар бир ҳудуддан учтадан энг кучли жамоалар республика босқичи учун саралаб олинди.
[gallery-29189]
Энг кучли 42 та жамоа (294 нафар ўқувчи) Тошкент шаҳрида ғолиблик учун беллашди. Бу йил бешинчи марта ўтказилаётган ушбу мусобақада юртимиз бўйлаб 57 минг нафардан ортиқ ўқувчи қатнашди.
Финалда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 42 та жамоа ўзаро куч синашди. Якуний натижаларга кўра, биринчи ўрин Иштихон туманидаги 48-сонли мактаб жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринга Наманган шаҳридаги 1-сонли айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси, учинчи ўринга Хоразм вилояти Қўшкўпир туманидаги 1-сонли Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати жамоаси сазовор бўлди. Тадбир давомида ғолиб жамоалар муносиб тарзда тақдирланди.
Мазкур жамоаларнинг ҳар бир аъзосига ҳамда мураббийига қимматбаҳо ноутбуклар совға қилинди.
Бундан ташқари, эндиликда ушбу жамоалар аъзолари олий таълим муассасаларига базавий тўлов контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади.
Назокат Усмонова,
Мумтозбегим Абдумўминова (сурат),
ЎзА