Икки нафар ота алимент пулларини олдиндан тўлади
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти Поп тумани бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тушунтириш ва ижро ҳаракатлари давомида икки нафар ота ўз фарзандлари вояга етгунига қадар 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни алимент учун олдиндан тўлаб берди.
МИБ вилоят бошқармасига кўра, поплик фуқаро Н.Б. турмуш ўртоғи З.А. билан ажрашиб кетган. Бир нафар фарзанди эса онасининг қарамоғида қолган. Фуқаролик ишлари бўйича Чуст туманларо судининг қарорига асосан, отадан ҳар ойда алимент ундириш белгиланади. Ҳужжат МИБ Поп тумани бўлими иш юритувига олиниб, давлат ижрочиси томонидан ҳаракатлар олиб борилган. Ўз вақтида алимент маблағни тўлаб келаётган ота билан ўтказилган тушунтиришлардан кейин у фарзанди вояга етгунга қадар белгиланган пулни тўлаши бўйича бюрога ариза билан мурожаат қилди. Унинг мурожаати кўриб чиқилди ва 18 ёшгача бўлган давр учун ҳисобланган алимент маблағи ҳисобига 5 минг АҚШ доллар тўлов амалга оширилди.
Яна бир фуқаро Б.С. дан ундирувчи Д.М. фойдасига бир нафар боласига алимент ундириш белгиланган. Фуқаро билан олиб борилган тушунтиришлар натижасида у ҳам фарзанди вояга етгунга қадар ҳисобланган алимент маблағи учун 5 минг АҚШ доллар маблағни жигарбанди учун тақдим этди.
МИБ туман бўлими ходимлари томонидан кўрилган амалий чора-тадбирлар ва тарғибот ишлари самараси ўлароқ юқоридаги ҳар икки ижро ҳужжати амалда тамомланди.
ЎзА