Икки буюк сиймога эҳтиром
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида қорақалпоқ адабиётининг икки улкан сиймоси – Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири И.Юсупов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Т.Қайипбергенов таваллудининг 97 йиллигига бағишланган “Икки қалб, бир адабиёт нафаси” номли адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар мазкур адибларнинг халқ руҳиятини акс эттирган, миллий адабиёт тараққиётида ўчмас из қолдирган асарлари бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганини алоҳида таъкидлашди. Шунингдек, уларнинг ҳаёт йўли, бадиий олами, асарларида мужассам бўлган инсонийлик, ватанпарварлик, халқпарварлик ғоялари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидлаганидек, И.Юсупов шеърияти халқ қалбининг оҳанги, унинг орзу-умидлари ва изтиробларининг бадиий ифодаси бўлса, Т.Қайипбергенов ижоди инсон руҳиятининг чуқур қатламларини очиб берувчи, ҳаёт ҳақиқатини теран бадиий тафаккур орқали ёритувчи ноёб ижодий мактаб сифатида қадрланади. Уларнинг ижодий мероси бугунги авлод учун юксак маънавий мезон, чинакам бадиий завқ манбаидир.
Тадбир давомида талаба-ёшлар томонидан адибларнинг асарларидан парчалар ўқилди. “Икки қалб, бир адабиёт нафаси” номи остида ўтган ушбу кеча чин маънода адабиёт байрамига айланди. Унда икки улуғ сиймо хотираси яна бир бор ёд этилди, уларнинг бой ижодий мероси қалбларда янада жонлангандай бўлди.
Тадбир якунида иштирокчилар ижодкорлар меросига ҳурмат янада мустаҳкамланганини, адабиётга ошно қалблар учун бундай учрашувлар доимий маънавий куч уйғотишини алоҳида таъкидладилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.