III Тошкент халқаро марафонига старт берилди
Пойтахтимизда III Тошкент халқаро марафони бошланди.
Унда атлетлар марафон (42,195 км), ярим марафон (21,0975 км), экиден (42 км 195 метр) ва 3 км масофага югуриш бўйича ўзаро баҳслашади.
Марафон Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз енгил атлетика федерациялари халқаро ассоциацияси (IAAF), xалқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) ҳамда бир қатор ташкилотлар томонидан ўтказилмоқда. Ушбу нуфузли спорт мусобақаларда 18 ёш ва ундан юқори бўлган профессионал спортчилар медаль, диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан биргаликда “Токио-2020” Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун рақобатлашмоқда.
III Тошкент халқаро марафонида илк маротаба экиден – марафон пойгасида ҳам ғолиблар аниқланади. Марафоннинг ушбу йўналишида белгиланган масофа бир киши эмас, балки 6 нафар иштирокчи томонидан босиб ўтилади. Жамоавий эстафета шаклидаги ушбу пойгада иштирокчилар мос равишда 5 км+10 км+5 км+10 км+5 км+7,195 км масофани кетма-кетликда босиб ўтишлари зарур бўлади.
Марафон ўтказиладиган мамлакатимиздаги энг йирик трасса Халқаро марафонлар ва югуришлар ассоциацияси (AIMS) томонидан сертификатланган. Марафоннинг бошланиш нуқтаси – Афросиёб кўчаси, “Humo Arena” муз саройи ёнида бўлиб, қатнашчилар марафон давомида Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари, жумладан, Афросиёб, Бешёғоч, Ойбек, Нукус ва Абдулла Қодирий кўчаларини югуриб ўтади.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари бугун аниқланади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА