III шахмат паралимпиадаси: Ўзбекистон-1 жамоаси бугун Ҳиндистон билан куч синашади
Жаҳон шахмат ишқибозлари эътиборини Самарқандга қаратган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг тантанали очилиш маросими доирасида III шахмат паралимпиадаси ўйинларининг 5-тур баҳслари кутилган ва кутилмаган натижаларга бой бўлди.
Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган Ўзбекистон-1 жамоаси ушбу турда Сербия терма жамоасини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, кучлилар қаторидан ўрин эгаллаш имкониятини яхшилаб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон-2 жамоаси 5-турда Испания вакиллари билан 2:2 кўринишида дурангга эришган бўлса, Ўзбекистон-3 пара шахматчилари туркиялик рақибларига 3,5:1,5 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Ортда қолган турнинг марказий баҳси пешқадам Куба ва дунёнинг биринчи рақамли терма жамоаси Польша ўртасидаги тўқнашув сифатида қайд этилди.

Ушбу баҳсда Польша жамоаси Куба вакилларини 2,5:1,5 ҳисобида енгиб, океан орти жамоасига олимпиададаги илк мағлубият байроқчасини кўтаришга мажбур этди.
Ғолибликка даъвогар Исроил ва Чехия жамоалари ўртасидаги курашда чехлар ғалабага бўлган кучли иродасини намойиш этди ва 2,5:1,5 ҳисобида устунликка эришди.

Етакчиликка даъвогар саналган Филиппин Хорватия қарама-қаршилигидаги ўйинда осиёликлар Европа вакилларини 2,5:1,5 ҳисобида доғда қолдирди. IBCA жамоаси Германияни (2,5:1,5), АҚШ Аргентинани(3:1), Ҳиндистон IPCA жамоасини (2.5:1.5), Украина Беларусни(3.5:1.5), Қозоғистон Бангладешни(3.5:1.5) совринли ўринларга номзодликдан деярли мосуво қилди.
Бугун, 16 сентябрь куни ўтказиладиган 6-тур ўйинлари олдидан Польша ва Чехия 9 очко билан турнир жадвалини бошқариб турибди. Кейинги ўринларни банд этган Филиппин, Куба ва IBCA жамоаларида 8 очкодан мавжуд. Уларни таъқиб этаётган АҚШ, Ўзбекистон-1 ва Ҳиндистон жамоалари 7 очко билан мусобақадаги иштирокини давом эттирмоқда.

Бугун ўтадиган 6-тур мусобақаларида мағлубиятсиз одимлаётган Чехия Польша билан рўбарў келса, Куба IBCA, Филиппин АҚШ, Ўзбекистон-1 жамоаси эса Ҳиндистон жамоаси қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Эслатиб ўтамиз, 7 та турдан иборат III шахмат паралимпиадаси баҳслари 17 сентябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА