IChO-2026: Ўзбекистон илм-фан салоҳиятини намоён этмоқда
Пойтахтимизда дунёдаги энг нуфузли интеллектуал мусобақалардан бири – 58-халқаро кимё олимпиадаси (IChO-2026) юқори савияда давом этмоқда.
Марказий Осиё тарихида илк бор юртимиз мезбонлик қилаётган мазкур анжуман мамлакатимизнинг илм-фан ва таълим соҳасидаги халқаро нуфузи тобора юксалаётганини яна бир бор намоён этди.
ЎзА мухбири мазкур нуфузли интеллектуал мусобақанинг аҳамияти, ташкилий жараёни ҳамда биз учун фойдали жиҳати хусусида Фан олимпиадалари маркази директори, 58-халқаро кимё олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси, Халқаро кимё олимпиадаси бошқаруви қўмитаси аъзоси Тўрабой Шерматов билан суҳбатлашди.
– Бундай нуфузли тадбирга Ўзбекистон минтақамизда илк бор мезбонлик қилиши нимани англатади?

Мазкур олимпиадага 2013 йилдан буён мунтазам қатнашиб келамиз. Нисбатан қисқа вақтда иштирокчи жамоадан мезбон давлатга айланганимиз Ўзбекистон илм-фан соҳасида эришаётган даражанинг халқаро эътирофидир.
Олимпиадага тайёргарлик бир йилдан кўп давом этди: хорижий ва маҳаллий экспертлар жалб қилинди, ташкилий ва академик жараён халқаро талаб асосида пухта ишлаб чиқилди. Асосий мақсад – мусобақани мутлақо шаффоф, адолатли ва юқори савияда ўтказишдан иборат эди.
– Мезбонликнинг энг оғир масъулияти нимада экан?
– Бизнинг асосий вазифамиз барча иштирокчилар учун тенг шароит яратиш эди. Саволларни тайёрлайдиган гуруҳ билан Ўзбекистон терма жамоасини тайёрлаган мутахассислар алоҳида-алоҳида ишлади. Халқаро талаб шундай.
Миллий университетда 400 ўринли махсус замонавий лаборатория ташкил этилди. Муаллифлик асосида тайёрланган академик топшириқларнинг барча иштирокчи мамлакатлар ўқув дастурига мувофиқлиги таъминланди.
Меҳмонларни кутиб олишдан маданий дастургача – ҳар бир босқич олдиндан режалаштирилди. Жуда кўп менторлар, делегациялар раҳбарлари Тошкент олимпиадасини охирги беш йилдаги энг яхши мусобақа сифатида баҳолаётгани бизни қувонтиради, албатта.
– Фикрингизча, Ўзбекистон илм-фани учун энди яна қандай имконият эшиклари очилади?
– IChO-2026 орқали Ўзбекистонни нафақат буюк тарих ва бой маданият макони, балки замонавий илм-фан салоҳияти юқори давлат сифатида ҳам намоён этишни мақсад қилганмиз. Бундай нуфузли тадбирлар илмий инфратузилмани янада такомиллаштириш, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ёшларда аниқ фанларга қизиқишни оширишга хизмат қилади.
Энг муҳими, республикамиз халқаро олимпиадаларни энг юқори талабга мос тарзда ташкил эта олишини амалда исботлади.
Дилшод Ҳакимов, ЎзА