Ички суғориш тизими яхшиланмоқда
Навоий вилоятида шу кунларда суғориш тизими оғир бўлган ҳудудларда аҳоли томорқалари учун қудуқ қазиб, сув чиқариш ишлари бошлаб юборилди.
Ташаббус дастлаб Кармана туманидаги Кумушкон маҳалласидан бошланди.
Маҳалла 2015 йилнинг охирида ташкил этилган бўлиб, 1132 та хонадонда 4023 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада янги хонадонларнинг йил сайин кўпайиб бориши натижасида томорқаларни суғориш муаммоси юзага келган эди. Маҳалла аҳлининг вилоят ҳокими сайёр қабулларида қилган мурожаати бугун ўз ечимини топмоқда. Айни пайтда 5 та тик қудуқ қазиш ишлари бошланди. Қазиш харажатлари Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ажратиладиган субсидия маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
-- Маҳалламизда томорқаларни суғоришда сув муаммоси мавжуд, -- дейди маҳалла раиси Жамолиддин Бойхонов. -- Аҳоли гарчи деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришга қизиқса-да, сув тақчиллиги боис бу ишнинг уддасидан чиқишмас, ҳафсала қилиб, турли экинлар экишса, суғориш муаммоси қийнар эди. Айни пайтда маҳаллада “Сайхунобод тажрибаси”ни қўллаш, ҳар бир хонадонда томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур ташаббус натижасида маҳаллада истиқомат қилувчи қарийб 350 нафарга яқин аҳолининг томорқасини суғориш имконияти яратилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири