Ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилмоқда
Йилдан йилга аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида сувга бўлган талаб ортиб бормоқда.
БМТ ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилгача бўлган даврда сувга бўлган глобал талаб 55 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда
Маълумки, энг кўп сув талаб этиладиган соҳалардан бири, шубҳасиз, қишлоқ хўжалигидир. Демакки, сув тақчиллиги муаммоси юзага келаётган бир вақтда ундан оқилона ва тежаган ҳолда фойдаланиш даркор.

Жорий йилнинг 29 ноябрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари муҳокама этилган эди.
Унда иқлим ўзгариши оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бораётганлиги, сувдан эса самарасиз фойдаланилаётганлиги, гарчи сув хўжалигига ҳар йили миллиардлаб маблағ йўналтирилсада, тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолингани учун самара камлиги танқид остига олинганди.
Йиғилишда 2024 йил сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”, деб эълон қилиниб, 1 минг 500 километр каналларни бетонлаш вазифаси белгиланди.

Шу боис Навоий вилоятида ҳам мавжуд каналларни бетонлаш тадбирлари бошлаб юборилган.
– Вилоятимизда асосан Кармана, Хатирчи, Қизилтепа, Навбаҳор ва Конимех туманларидаги каналлар бетонлаштирилиши кўзда тутилган, – дейди Қуйи Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи Абдуқаюм Убайдуллаев. – Жумладан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган топшириқ ва вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2023-2024 йилларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари ҳисобида бўлган жами 650 км узунликдаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштириб олинган. Бугунги кунда 25 км ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари амалга оширилган бўлиб, Кармана туманида 3,1 км, Конимех туманида 1,6 км, Қизилтепа туманида 7,7 км, Навбаҳор туманида 4,1 км ҳамда Хатирчи туманида 8,5 км узунликдаги ички тармоқларда бетонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Айни пайтда бошқа ҳудудларда бўлгани сингари Хатирчи туманида ҳам ички ариқлар, канал ва зовурларни қазиш, тозалаш, бетонлаштириш, баҳор мавсумига тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Туманда 2023-2024 йилларда 204 км узунликдаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар туманда 8,5 км узунликдаги ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилди, – дейди Хатирчи тумани ирригация бўлими Қурилиш ва таъмирлаш ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Баҳовуддин Ғиёсиддинов. – Айни кунларда тумандаги барча кластер ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда. Бу каби тадбирлар натижасида туманимизда самарасиз исроф бўлаётган сувдан оқилона фойдаланиш эвазига 25 минг гектар ер майдонларида сув таъминоти яхшиланади.

Албатта, сув сарфининг камайиши натижасида экин ерларига сувнинг кўп миқдорда етиб боришига, фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги ва даромадини ошириш билан бирга аҳоли томорқа майдонларини суғоришга имконият яратилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири