Ичимлик суви таъминоти яхшиланади
Аҳолини тоза ва сифатли ичимлик сув билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматларини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал вазифасини бажармоқда. Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида тизимдаги амалга оширилаётган ишлар кўлами янада кенгайди.
Хусусан, ҳудуд аҳолисининг 74,5 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланиши, оқова сув хизмати эса, 20,1 фоизни ташкил этиши керак эди. Мазкур режа бўйича тизимли ишлар қилинди. Мақсад ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари қамровини ошириш орқали оилаларнинг муносиб турмуш шароитини яратишдир.

Соҳа мутахассисларининг сарҳисобига кўра, 2023 йил жойларда жами 1 минг 174,8 километр тармоқ тортиш ва 204 дона сув қудуғини қазиш ишлари бажарилган. Туман-шаҳарлардаги объектларнинг 367 тасида қурилиш ишлари якунланган ва 14 тасида эса, бу жараён ҳали давом этмоқда. Ушбу ишлар якунлангандан сўнг вилоят аҳолисининг ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 82,0 фоизга кўтарилиши кутилмоқда.
Масалан, ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида халқаро молия институтлари билан кенг ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, Осиё тараққиёт банки маблағларини жалб қилган ҳолда Тошкент туманидаги сув тақсимлаш иншоотлари реконструкция қилинмоқда. Мазкур лойиҳани амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 92 фоизга етиши кутилмоқда. Яъни 30 га яқин маҳалладаги 120 минг нафарга яқин аҳолида суви билан боғлиқ муаммолар бўлмайди.

“Тошкент сув таъминоти” МЧЖнинг туман-шаҳар филиаллари тасарруфида бўлган сув иншоотларидаги 920 та насос агрегатлари орқали жами 126 миллион 37 минг куб метр ичимлик сув ишлаб чиқарилган. Бироқ мазкур тизимда мавжуд муаммолар ҳам етарлича. Масалан, шу даврда ичимлик сув технологик йўқотилиш кўрсаткичи 38,7 фоизни ташкил этмоқда. Ичимлик сув тармоқларининг 2 минг 586 километр қисми таъмирталаб аҳволда. Буларни бартараф қилиш мақсадида шу кунларда айрим жойлардаги ичимлик сув тармоқлари реконструкция қилиниб, насос агрегатлари алмаштирилмоқда.
– Бу ишлар учун ҳудудларда диспетчерлар, аварияларни бартараф этиш бўйича бригадалар, малакали ишчи-ходимлар жалб қилинган, – дейди “Тошкент сув таъминоти” МЧЖнинг Ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи Азамат Аширметов. – Бугунги совуқ кунларда ҳам мутахассисларимиз жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Юқори Чирчиқ тумани, Бекобод шаҳридаги носозликларга ўз вақтида чора кўрилди.
А.Мусаев,ЎзА.