"Ибрат йўли" лойиҳаси амалда
Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ташаббуси билан вилоятда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни байрами арафасида давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ хотин-қизлар иштирокида "Ибрат йўли" лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасидаги навбатдаги учрашув Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева ижод мактабида бўлиб ўтди. Унда фаол хотин-қизлар томонидан юртимизда уларни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятлар, ўқиш, ишлаш, ўз иқтидорини тўлиқ намоён этиши учун барча шароитлар яратилгани, фақатгина билим ва интеллектуал салоҳиятни намоён этиш кераклиги таъкидланди.

– Бир неча йиллар олдин мен ҳам сизлар каби шундай учрашувда оддий иштирокчи сифатида қатнашган эдим, – деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Ҳилола Обидова. – Ўшанда мен ҳам албатта Зулфияхонимга муносиб издош бўлишни мақсад қилдим. Интилдим, тинмай ҳаракат қилдим ва ўз мақсадимга эришдим. Сиз ҳам ўз олдингизга катта мақсадлар, улкан режалар қўйинг ва ўқиб-изланишдан, билим олишдан тўхтаманг.

Тадбирда "Шуҳрат" медали соҳибаси Дилором Исмадиёрова ижод мактабига ўзининг янги китобларини совға қилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
Ш.Суяров,ЎзА