Иқтисодий ислоҳотлар самаралари
Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоиз ошди.
Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида иқтисодиётимиз ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантириш борасида барқарор юқори ўсиш суръатларига эришилганини таъкидлади.Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 8,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши 6,9 фоиз, капитал қурилиш 10,9 фоиз, чакана савдо айланмаси ҳажми 14,3 фоиз ошди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр товарлар ташкил этди.
Тошкент шаҳрини 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилдаги асосий истиқбол кўрсаткичларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш сингари машҳур беш тамойилга асосланган «ўзбек модели»нинг нечоғли самарадорлигини Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, 2014 йил якунида пойтахтимизда ялпи худудий маҳсулот ўсиши 109 фоизни ташкил этди.
2013-2015 йилларда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ўтган йили 3 минг 270 инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 25 минг 440 га яқин иш ўрни яратилди.
Иқтисодиётда изчил ўсиш суръатларини таъминлашда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш борасидаги чоралар ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, ўтган йили Маҳаллийлаштириш дастури доирасида қарийб олтмишта корхонада 114 лойиҳа бажарилди. 5 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 8 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилди. Жорий йилда 80 дан ортиқ корхонада 160 га яқин лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилмоқда.
Ишлаб чиқаришнинг изчил ривожланиши корхоналар экспорт фаолиятининг кенгайишида муҳим роль ўйнамоқда. Ўтган йили 995 корхонада 1 миллиард 675 миллион долларга тенг маҳсулот ва хизматлар экспорт қилингани бунинг ёрқин тасдиғидир.
Жорий йилда шаҳар иқтисодиётида таркибий ўзгаришларни янада жадаллаштириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш белгиланган. Саноатда 336,4 миллион доллардан зиёд инвестиция ҳисобига 530 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 15 мингта иш ўрни яратилади. Енгил саноат тизимида ўндан ортиқ йирик инвестиция лойиҳаси доирасида 580 иш ўрни яратилиб, 36 миллион долларга тенг экспорт амалга оширилади.
“Ўзтекс Тошкент” қўшма корхонасида ип-калава ишлаб чиқариш, “Нобел фарм саноат” корхонасида дори воситалари тайёрлашни кенгайтириш, “Класс текс продакшн” масъулияти чекланган жамиятида трикотаж матони бўяш, “Компания юнитекс” жамиятида мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. “Мотор заводи” акциядорлик жамияти негизида кенг турдаги маиший электр техника воситалари ишлаб чиқариш ва логистика марказини ташкил этиш лойиҳаси рўёбга чиқарилмоқда.
Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.