Ҳужжатларни ижро этиш тизими такомиллаштирилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 ноябрь кунги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бошқармаларида Бюронинг туманлараро бўлимлари ташкил этилган бўлиб, улар ижро ҳужжатларини ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида ижро этадилар.
Ижро ҳужжатларини соддалаштирилган тартибида ижро этишнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 431 ва 432-моддаларида қайд этилганидек, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида мажбурий ижро этиш ундирув қарздорнинг мол-мулкига (бундан пул маблағлари мустасно) қаратилмаган ҳамда қарздорга нисбатан жавобгарлик чоралари қўлланилмаган ҳолда амалга оширилади.
Хусусан, давлат ижрочиси томонидан қарорлар қабул қилинмайди, ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки турган жойга бормаган ҳолда, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан масофадан туриб амалга оширилади. Яъни, давлат ижрочиси ижро ҳужжати келиб тушган пайтдан эътиборан бир иш куни ичида қарздорга ижро ҳужжатидаги талабларини беш кунлик муддат ичида бажариши лозимлиги тўғрисида электрон хабарнома юборади.
Қарздор ижро ҳужжатининг талабларини узрли сабабларсиз ихтиёрий тартибда бажармаган тақдирда, давлат ижрочиси томонидан ундирув: ундирувни қарздор жисмоний шахснинг банклардаги ҳисоб варақларида турган пул маблағларига; меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни қарздор жисмоний шахснинг иш ҳақига, стипендиясига, нафақасига ва бошқа турлардаги даромадларига қаратилади ҳамда қарздордан белгиланган тартибда ижро йиғими ундирилади.
Ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартибида қўлланиладиган мажбурий ижро этиш чоралари натижасиз бўлган тақдирда ижро ҳужжати Бюронинг ҳудудий бўлимига йўналтирилади. Мазкур тартиб қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималарни, солиқ қарзини ва давлат божини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига, шунингдек, почта харажатларини ундириш тўғрисидаги суд ҳужжатларига нисбатан татбиқ этилади.
– Ўзбекистон Республикасининг 2026 йил 20 апрель кунги Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 431 ва 432-моддаларига ўзгариш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, унга кўра ижро ишини соддалаштирилган тартибда ижро этиш мумкин бўлган ижро ҳужжатлари турлари кенгайтирилди, – дейди Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Туманлараро бўлими бошлиғи Ақилбек Хакимов. – Хусусан, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби эндиликда қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималарни, солиқ қарзини, давлат божини, почта ва (ёки) видео-конференц-алоқа харажатларини ундиришдан бошқа, коммунал хизматлар тўлови юзасидан қарздорликни, кўп хонадонли уйлар мулкдорларининг мажбурий бадалларини ёки тўловлари бўйича қарздорликни, шунингдек, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги суммани ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларига нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бундан жарима тариқасидаги жиноий жазони ижро этиш тўғрисидаги ва дарҳол ижро этилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари мустасно.
Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Туманлараро бўлими томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида жами 16,8 миллиард сўмлик 32 минг 363 та ижро ҳужжати ижроси таъминланган бўлиб, амалда 13,7 миллиард сўм ундирилди.
Ҳозирда бу борадаги ишлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА