Хусусий клиника ва маҳалла биноси очилди
Янги йил байрами яқинлашгани сари Жиззах вилоятида янги-янги объектлар фойдаланишга топширилиши бошланди.
Куни кеча Дўстлик туманида бир йўла 2 та иншоот тантанали очилди.
“Flora med” клиникасининг тантанали очилиш маросимида вилоят, туман ҳокимликлари, меҳнат фахрийлари, секторлар, соғлиқни сақлаш тизими, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари ва жамоатчилки вакиллари ҳамда клиника жамоаси иштирок этди.
Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилган имкониятлардан тўғри фойдаланаётган маҳаллий тадбиркор Шаҳобиддин Қулматов 30 миллиард сўм ҳисобига аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 60 ўринга мўлжалланган мазкур хусусий клиникани бунёд этди.
[gallery-15108]
– Клиникамиз энг сўнгги русумдаги ультра товуш, эндоскоп, электро кардиограмма, электро энцефалограмма, эндокардиограмма каби замонавий тиббий диагностика ускуналари билан жиҳозланди, – дейди тадбиркор Шаҳобиддин Қулматов. – Энди фуқароларимиз йўл босиб, овора бўлиб, Жиззах, Гулистон ёки Тошкентга бориб юриши шарт эмас. Шифохонамиз фаолиятини бошлаши билан 50 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Эътиборлиси, бу ерда катталар ва болалар неврологияси, терапия, кардиология, гинекология, физиотерапея каби бўлимлар учун пойтахтимиздан олий тоифали шифокорлар жалб этилди.
Шу куни тумандаги “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноси ҳам фойдаланишга топширилди.
“Чинобод” маҳалла биноси 1 миллиард 300 миллион сўм миқдоридаги “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси ҳамда бошқа ҳомийлик маблағлари асосида қурилди.1991 йилда ташкил топган ушбу маҳалланинг 1 минг 300 оиласида айни пайтда 6 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади.
Аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида “Янги Ўзбекистон” массиви ҳам айнан шу маҳаллада қурилмоқда. Ушбу массивда 1 минг оила учун 50 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/5sQ0OU2DoGo" title="Xususiy klinika va mahalla binosi ochildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари