Хусийлар ва Саудия яна ўзаро зарба алмашди
Ямандаги “Ансор Аллоҳ” (хусийлар) ҳаракати ҳарбий вакили Яҳё Сари ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Саудия Арабистони ҳудудига уюштирилган навбатдаги ҳужум ҳақида баёнот берди.
Унинг сўзларига кўра, Саудиянинг Яманга нисбатан қамали ва ҳарбий амалиёти ҳамон давом этмоқда. Томонлар ўртасидаги тўқнашув авж олган бир пайт Хамис-Мушайт ва Тоиф қўналғаларидан кўтарилган F-15 ҳамда “Typhoon” қирувчи самолётлари томонидан жами 1018 ҳаво зарбаси берилган. Шунингдек Нажрон ва Жизондан ракеталар отилган.
Бундай ҳаракатга жавоб тариқасида хусийлар пойтахт Ар-Риёд шаҳридаги муҳим нуқталар ҳамда Янбу ҳудудидаги “Aramco” нефть-газ компанияси иншоотини нишонга олган.
Мулозим мазкур зарбалар муваффақиятли амалга оширилганини таъкидлаган. Даъво юзасидан Саудия расмийлари томонидан ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдирилгани йўқ. Эслатиб ўтамиз, Яманда ҳукумат кучлари ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланиши тахмин қилинадиган хусийлар ўртасида июль ойида қайта авж олган низо сўнгги кунларда янада кучайди. Хусийлар рақибини ҳужум қилишда айблаб, Саудия ҳудудига баллистик ракета ва дрон билан мунтазам равишда зарба бериб келмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА