Ҳушёрлик ҳар соҳада зарур
Мамлакатимиз ҳудудига олиб кирилаётган турли кўчатлар ва уруғларнинг хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Чет мамлакатлардан турли зарарли кўчатларнинг ноқонуний кириб келиши ўсимлик дунёси ва қишлоқ хўжалиги экинларига жиддий хавф туғдиради.

Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида доимий назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
Хусусан, Голландия давлатидан юк автотранспорти карантин давлат инспекторлари ҳамда божхона ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилганида, юк ҳужжатларида кўрсатилмаган 1000 дона “Лилия” гул пиёзбошлари мавжудлиги аниқланди.

– Мазкур қонунбузарлик ҳолати бўйича гул кўчатларини олиб келаётган тадбиркорга тушунтиришлар берилди. Юртимизга ноқонуний олиб келинган гул пиёзлари тегишли ташкилотлар вакиллари иштирокида махсус печда ёқиш йўли билан йўқ қилинди. Яна бир ҳолатда, Италия давлатидан импорт қилинган турли хил манзарали дарахт ва гул кўчатлари Андижон ТИФ инспекторлари томонидан иккиламчи карантин кўригидан ўтказилиб, белгиланган тартиб асосида намуналар марказий фитосанитар лабораториясига юборилган. Лаборатория хулосасига кўра, 200 дона атиргул кўчатларида республикамиз ҳудудида учрамайдиган “данак мевали дарахтларнинг некротик доғланиш”и касаллиги аниқланган. Карантин ходимлари томонидан ана шу кўчатлар ҳам белгиланган тартибда йўқ қилинди, – дейди Андижон вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Аҳмедов.

2018 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонунига мувофиқ юртимизга олиб кирилаётган ва олиб чиқилаётган ёки транзит тарзида ўтказилаётган барча маҳсулотлар карантин объектларидан ҳоли ва уларнинг ҳар бир туркуми фитосанитария сертификатлари билан таъминланган бўлиши ва фитосанитар текширувларидан ўтказилиши лозим.

Ўсимликлар карантини билан боғлиқ талаблар нафақат қонуний мажбурият, балки мамлакатимиз озиқ-овқат ва экологик хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.