Ҳурмат ва эътибор аввало ўзимиздан бўлсин!
Ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ «ўзбек зиёлилари»нинг Ўзбекистонда «Давлат тили ҳақида»ги қонунга ўзгартиш киритиш таклифи билан чиққанди.
Ҳаммаси ҳам эмас, баъзи ўзбек тилида мулоқот қилишга қийналаётган (асли ўзбек) ташаббускорларининг, борингки, рус тилида сўзлашишига она тили «халақит бераётган» эмиш.
Яна муаллифлар «Россияда миллионлаб ўзбеклар ишлаяпти, шу боис рус тили бизга керак», дейишибди. Биз ишониб халқ номидан сўзловчи баъзи зиёлилар Ўзбекистонни ривожланган мамлакатлар сафида бўлиб, унинг фуқароси чет элга ишчи эмас, сайёҳ, мутахассис сифатида боришларини истаганида эди...
«Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур»… Миллатпарвар мутафаккир Абдулла Авлонийнинг бу сўзлари ҳеч бир замонда аҳамиятини йўқотмайди. Чунки миллат деганлари тилга кўра белгиланади. Ахир бирлаштирувчи, жипслаштирувчи восита аслида тил эмасми? Тил – миллатнинг мавжудлик шарти. Миллат вужуд бўлса, тил – руҳ.
Шу боис ўзини таниган, ўзлигига эга ҳар бир миллат она тили ривожини ҳаёт-мамот масаласи деб билади. Тил тараққиёти учун бор имкониятини ишга солади. Она тилимиз давлат тили мақомига эга бўлгани унинг ривожи учун ҳуқуқий кафолат демакдир. Бироқ тилнинг чинакам ривожи учун бунинг ўзигина кифоя қилмайди. Давлат тили ҳақида қонун қабул қилингани – тил тараққиётининг ҳуқуқий кафолати.
Усиз бир қадам ҳам олдинга юриб бўлмаслиги аён. Шукрки, биз бундай қонунга эгамиз. Лекин шуни ўзи етарлими? Қонун, қарор, фармойиш, фармон, хуллас, ҳужжатлар амал қилинганидагина, ижроси таъминлангандагина ривожланиш бўлади.
Бугунги кунда дунёда 6809 та тил бор, уларнинг тенг ярми саккизта давлат – Мексика, Индонезия, Камерун, Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, АҚШ ва Россия ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп тилли мамлакат сифатида Ҳиндистон тан олинади. Бу мамлакатда аҳоли 845 тил ва лаҳжада сўзлашади.
Иккинчи ўринда эса 600 та тил ва шевада сўзлашувчи Папуа — Янги Гвинея туради. Сайёрамизда энг кўп аҳоли сўзлашадиган тил сифатида хитой, инглиз ва испан тиллари тан олинган. Биринчи ўнликка ҳинди, бенгал, араб, португал, немис, рус ва япон тиллари ҳам киритилган.
Жаҳон тилларининг атиги 4 фоизи Европа қитъасига тўғри келса-да, энг кўп сўзлашувчи тилларнинг тенг ярми «кўҳна қитъа»да экани маълум бўлди. 341 миллион киши инглиз тилини она тили сифатида тан олади, бироқ яна 350 миллион киши бу тилни иккинчи она тили сифатида кўришини маълум қилган.
Таҳлилчилар хитой ва инглиз тиллари фойдаланиш бўйича ўз мавқеини ошириб бораётганини айтишади. Вазиятни ўрганаётган кузатувчиларнинг фикрича, фойдаланувчилар сони бўйича айни дамда инглиз тили етакчилик қилаётган бўлса, XXI аср ўрталарига бориб, хитой тили асосий тил бўлиб олиши мумкин.
Ўзбекистон ҳудудида кенг тарқалган ва ҳуқуқий мақомига ўзгартиришлар киритилган рус тили билан бир қаторда ҳудудларда бошқа тиллардан ҳам фойдаланиб келинади. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тили ҳам расмий тил ҳисобланади. Фарғона вилоятининг Сўх туманида эса аҳолининг аксар қисми этник тожиклар бўлиб, у ерда тожик тилида таълим олиб борилувчи 24 та мактаб, 2 та лицей ва 2 та касб-ҳунар коллежи мавжуд.
Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Наманган ва бошқа ҳудудларда тожик тилидаги ОАВ, мактаблар, лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Тошкент ва Навоий вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида қозоқ тилида ўқитиладиган мактаблар ва олий таълим муассасаларининг бўлимлари мавжуд.
Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида туркман тилида таълим берилувчи мактаблар фаолият кўрсатмоқда.Бугунга келиб ўзбек тилининг ҳам халқаро нуфузи тобора юксалиб бораётир. АҚШ, Германия, Хитой, Япония, Жанубий Корея, Россия ва Украина каби давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўзбек тили йўналишлари очилиб, ўша мамлакатлар ёшлари она тилимизни ўрганишга катта рағбат кўрсатаётгани, ўзбек тили ва адабиёти бўйича илмий изланиш олиб бораётган чет эллик тадқиқотчилар сони йил сайин кўпаяётгани, муҳтарам Президентимизнинг Ҳиндистон сафарида халқаро минбардан она тилимизда нутқ сўзлагани бунинг исботидир.
Ўзбек тили сўзга бойлиги билан ҳам жаҳон минбарларида янграшга ҳар қанча ҳақли. Унга давлат тили мақоми берилган экан, ёнида турли расмий тилларга ҳожат йўқ, назаримда.
Мамлакатимизда 130дан ортиқ миллат ва элатлар уларнинг урф одат ҳамда қадриятлари етарлича ҳурмат қилинади, ҳеч қандай монеликсиз бажонидил қабул қилинаётганини биргина «Ўзбекистон умумий уйимиз» шиори остидаги фестивалию, 12 тилда тақдим этиладиган кўрсатув эшиттиришлар, умуман олганда ОАВда кенг йўл очилиб, қўллаб қувватланмоқда.
Шу ўринда айтиш жоизки, ўзбек тилнинг мавқейини фақат қонунлар эмас, ундан фойдаланаётганлар кўтариши керак. Ҳурмат ва эътибор аввало ўзимиздан бўлсин.
Жасур БОЛТАЕВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази,
Ҳудудлар, вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлим бошлиғи