Ҳур Ватанга байрамлар ярашади
Шу кунларда юртимизнинг барча гўшаларида энг улуғ, энг азиз байрамимиз кенг нишонланмоқда.
Айни кунларда ҳар бир юртдошимиз шоду-хуррамлик, ҳис-ҳаяжон билан ўз шукроналикларини изҳор этмоқда.
Фахриддин ҲАМДАМОВ, Навоий машинасозлик заводи темирчиси:
– Бу йил Мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнасини “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган бош ғояни ўзида мужассамлаштирган байрамона тадбирлар билан кутиб олдик ва нишонладик.
Жамоадошларим билан Истиқлол берган имкониятлар бўйича кўп фикрлашдик. Чунки барчамиз учун мустақиллик фаровон ҳаёт гарови, барча ютуқ ва марраларимиз асосий манбаи бўлиб келаётгани айни ҳақиқат.
Оддий темирчи бўлсам-да, лекин ҳаётда ўз бахтимни топган инсонман. Аввало, шундай жаннатмакон юртда яшаётганим, йирик корхонада ишлаётганим, унинг тараққиётига ҳисса қўшаётганимдан ҳамиша фахрланаман. Бунинг ортидан ҳаётда муносиб ўрнимни топдим, давлатимизнинг юксак “Шуҳрат” медали ва “Фидокорона хизматлари учун” орденига сазовор бўлдим. Бунинг барчасини менга мустақиллик, давлатимиз берди. Бугун буни баралла, фахр билан айта оламан.
Мадина қизим энг улуғ, энг азиз байрамда давлат мукофоти олганимда, уйимиз қанчалик шодликка тўлганини эслади. Жажжигина набирам тилидан “Ҳеч кимга бермаймиз, сени Ўзбекистон!” қўшиғини мароқ билан эшитганимиз оиламиз даврасига янада шодлик бағишлади.
Ёшим олтмишга қараб кетяпти. Бугун қаерга қараманг, оламшумул ўзгаришларга гувоҳмиз. Кўнгил тинч, рўзғор бут, фарзандлар бахтиёр камолга етмоқда. Айтинг, инсонга бундан ортиқ нима керак? Шу боисдан, тинчлик, мустақиллик, деган улуғ имкониятлар қадрига етиб яшайлик, азизлар!
Муҳит ИСРАИЛОВ, Марказий кон бошқармаси Темир йўл транспорти бошқармаси Локомотив хизмати йўл монтёри:
– Аллоҳ назари тушган Ўзбекистонда яшаяпмиз. Албатта, тинч-осойишта, бахтли ва фаровон элга байрамлар ярашади. Шу маънода, Истиқлол байрамининг ижтимоий ҳаётимизда ўзига хос ўрни бор, жозибаси ва шукуҳи ўзгача. Унинг энг улуғ, энг азиз байрам сифатида кенг нишонланишида катта маъно мужассам. Зеро, шоир айтганидек: “Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор!”. Шу боис, ҳар биримиз тақдиримизга минг карра шукроналар айтсак арзийди.
Маълумки, темир йўл транспорти юртимиз равнақида муҳим ўрин тутади. Бу, комбинатимиз ҳам етакчи тармоқ ҳисобланади. Айнан шу соҳада икки минг нафарга яқин соҳа вакиллари хизмат қилмоқда. Улар сафига яқинда ишга қабул қилинганимдан қувончдаман.
Томди туманида яшайман. Ишсиз эдим. Яқинда туманнинг мен яшаётган ҳудудида янги конлар очилиб, бу ерга комбинат томонидан 35 километрлик янги темир йўл линияси олиб келинди. Бу, биз ёшлар учун катта имконият бўлди. Темир йўл бўйича қўлимда ҳужжатим бўлмасада, ҳеч иккаланмай у ерга иш сўраб бордим. Масъуллар яхши кутиб олиб, комбинат Ўқув марказига касб бўйича ўқишга тавсия беришди. Тез орада “Томдибулоқ” овул фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 10 нафар ёш қаторида касбли, ишли бўлдим. Бунга ҳеч ишонгим келмайди.
Ўзбекистондек инсон қадрини улуғлаётган мамлакатда яшаётганлигимдан фахрланаман. Мустақиллик байрамини барча юртдошларимиз қатори оиламиз ва корхонамизда катта кўтаринкилик билан кутиб олдик. Мустақиллигимиз абадий бўлсин.
Азиза ҲОШИМОВА, Шимолий кон бошқармаси ишчиси:
– Мустақиллик байрами ҳеч қачон унутилмайдиган, қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётган қутлуғ айёмдир. Мана шундай шукуҳли кунларда ҳаётимизга қувонч олиб кирган дилбандимиз Муҳаммаджонни бағримизга босиб, бахтиёр умр кечиряпмиз.
Фарзандли бўлиш кўп йиллик орзу-мақсадимиз эди. Турмуш ўртоғим Самариддин ака билан бу кунларни кўп йиллар давомида кутиб яшадик. Бу юртда ҳар бир инсон азиз эканлигини ўз ҳаётимда кўрдим. Турмуш ўртоғим билан бу масаладаги мурожаатимиз комбинат раҳбарияти томонидан тўла қўллаб-қувватланди. Россия Федерациясига бориб-келиш, даволаниш харажатларини комбинат ўз зиммасига олиб, бутун кўмагини аямади. Шукрки, саъй-ҳаракатлар изсиз кетмади. Муолажалардан кейин маълум вақт ўтиб, оиламизга янги меҳмон кириб келди. Бағримиз фарзандга, қалбимиз қувончга тўлди.
Дилобар ФАРМОНҚУЛОВА, Навоий шаҳридаги 1-сонли академик лицей ўқувчиси:
– Бу йилги мустақиллик байрамини мен ҳар йилгидан-да ўзгача кайфиятда кутиб олдим. Жорий йилда Нурота туманидаги 37-умумтаълим мактабини тамомлаб, Навоий шаҳридаги 1-сонли академик лицейга ҳужжат топширгандим. Барча синовлардан мувафаққиятли ўтдим ва лицейга ўқишга қабул қилиндим. Бу менинг биринчи мувафаққиятим. Ўз олдимга улкан режалар қўйганман.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан биз ёшлар учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Лицейда чуқур билим олиб, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилмоқчиман.
Абдужаббор АВЕЗОВ, “Саид Сирож Самандар” фермер хўжалиги раҳбари:
– Мен мустақиллик билан тенгдошман. Отам Саид Авезовдан деҳқончилик ва боғдорчилик сир-асрорларини ўргандим. 2016 йилдан буён эса “Саид Сирож Самандар” фермер хўжалигини бошқариб келмоқдаман.
Эсимда, 2016 йил 5 май куни туман ҳокими узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашувда: “Фарғонанинг Олтиариқ туманидаги боғбонлар эришаётган натижалар, уларнинг экспортдаги улуши тўғрисида гапириб, туманда ҳам узумчилик билан шуғулланувчи фермерлар кўпчиликни ташкил этишини, туманда ҳам олтиариқликлар сингари узумчиликни ривожлантириш мумкин эмасми”, қабилида фикр билдирган эди. Шундан кейин узум навларини кўпайтиришга, ниҳолларини ҳавоза шаклида ўстиришга эътибор қаратдим. Узумчилик билан шуғулланувчи боғбонлар билан учрашсам, албатта, улардан соҳадаги янгиликларни сўраб ўрганаман. Узум навларини парваришлаш усулларини сўрайман.
Бугунги кунда бир гектар майдонда узумнинг гигант, мерс, кетмон сопи, ризамат ота, қора кишмиш навларини парваришлаб келмоқдаман. Узумчиликнинг орқасидан рўзғор тебратяпман. Енгил автомашина олдим. Икки қаватли иморат қурдим. Барчаси узумчиликнинг орқасидан. Қанчлик кўп меҳнат қилсангиз, меҳнатдан қочмасанг, ҳосил ҳам баракали бўлади.
Келгусида 10 гектар ер олиб узумзор плантациясини ташкил этмоқчиман. Ниятим эса, худди Ризамат ота каби янги узум навини яратиб, аҳоли дастурхонига шириндан ширин узум навини тортиқ этиш. Ҳозирда ҳудудлардан турли навларни олиб келиб, ниҳолларни бир-бирига пайвандлаб синаб кўраяпман. Албатта, келажакда янги нав яратаман.
Абдували Бўриев, ЎзА