“Ҳуқуқий ёрдам автобуси”
Қашқадарё вилоятида хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбири ўтказилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси томонидан тасдиқланган дастурга мувофиқ, Омбудсман ташаббуси билан “#TenglikvaHurmat” ҳештеги остида ташкил этилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлимида бўлиб ўтган тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қашқадарё вилоятидаги минтақавий вакили, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими, вилоят адлия бошқармаси вакиллари, мутахассислар ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Тадбир давомида иштирокчиларга ҳадя шартномаси, васиятнома, никоҳ шартномаси, оилавий муносабатлар, шунингдек, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик нормалари юзасидан тушунтиришлар берилди. Шунингдек, зўравонлик ҳолатларига дуч келган шахсларга психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмлари ҳақида маълумот тақдим этилди.

Марказда аёлларни касбга ўқитиш бўйича ташкил этилган қисқа муддатли курслар, уларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Айни пайтда ушбу муассасада 11 нафар аёл ва уларнинг 15 нафар фарзандлари яшаб келмоқда.
Тадбир доирасида сайёр қабул ташкил этилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва уларга жойида ҳуқуқий ҳамда психологик тушунтиришлар берилди.

Таъкидланишича, бундай тадбирлар аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, хотин-қизлар ва болаларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Якунда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ҳомийлигида ташкил этилган совғалар топширилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири