Ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон бозорига тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди
Республика “Ҳунарманд” уюшмасида ҳунармандчилик маҳсулотларини замонавий қадоқлаш, уларнинг ўзига хос логотип ва бренд услубини яратиш борасида кенг кўламли ишларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида дизайнерлар томонидан ишлаб чиқилган қадоқлаш намуналари кўриб чиқилиб, уларни янада такомиллаштириш бўйича соҳа экспертлари ва санъатшунос олимларнинг фикр ва тавсиялари ўрганилди. Муҳокамаларда ҳар бир маҳсулотнинг миллий қиёфасини сақлаган ҳолда замонавий ва жозибадор дизайн яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

️Қадоқлаш — бу маҳсулотнинг нафақат ташқи кўриниши, балки унинг тарихи, маданияти ва ўзига хослигини харидорга етказиб берувчи муҳим восита. Шу боис, ҳунармандчилик маҳсулотларини жаҳон бозори талабларига мослаштириш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу каби ташаббуслар ўзбек ҳунармандларининг бетакрор маҳсулотларини халқаро майдонда намойиш этиш ва янги бозорларга олиб чиқишга хизмат қилади.
Г.Бобоева,
ЎзА