Ҳунарманд давлат мукофотига сазовор бўлди
Орамиздаги замондошларимиз
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва касб-ҳунарга жалб этишдир. Айниқса, миллий ҳунармандчиликни асраб-авайлаш, уни янги авлодга етказиш ҳамда ушбу соҳани аҳоли, хусусан, хотин-қизлар учун даромад манбаига айлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ғозғон шаҳрида фаолият юритаётган “Ғозғон чевар қизлари” ишлаб чиқариш кооперативи раҳбари, моҳир ҳунарманд Моҳичеҳра Норбоева ана шундай эзгу мақсадларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ташаббускор аёллардан биридир.

26 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўз соҳасида катта тажриба тўплаган Моҳичеҳра Норбоева 2021 йилдан буён “Ғозғон чевар қизлари” ишлаб чиқариш кооперативига раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг фаолияти нафақат миллий каштачилик санъатини ривожлантириш, балки хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорликка жалб этиш билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
– Моҳичеҳра Норбоева ўзининг бой тажрибасини ёш авлод ва ишсиз хотин-қизларга ўргатишни бурчи деб билади, – дейди шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари Дилором Эгамова. – У шу кунга қадар 300 нафарга яқин ишсиз хотин-қизлар ва ёшларга каштачилик сир-асрорларини ўргатиб, уларнинг касб эгаллашига кўмаклашди. Бу эса юртимизда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга қаратилган ислоҳотларнинг амалдаги ёрқин намунасидир. Айниқса, унинг “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларини алоҳида эътироф этиш керак. 2023-2024 йилларда 15 та янги иш ўрни яратилгани, ишсиз хотин-қизларнинг 10 нафари доимий меҳнат фаолиятига жалб этилгани Моҳичеҳранинг тадбиркорлик ташаббуси ижтимоий аҳамиятга эга эканини кўрсатади. Бугун у каштачилик фаолиятини янада кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида яна 30 нафар ишсиз аёлни меҳнатга жалб этиш чораларини кўрмоқда.

Миллий ҳунармандчилик халқимизнинг кўп асрлик тарихи, маданияти ва маънавий меросини ўзида мужассам этган ноёб йўналишдир. Моҳичеҳра Норбоева ана шу меросни замонавий талаблар асосида ривожлантириб, ёш авлодга етказилишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг шогирдлари томонидан тайёрланаётган миллий каштачилик маҳсулотлари юртимизнинг турли қадимий шаҳарларида сотилиб, маҳаллий аҳоли билан бир қаторда хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
У вилоят ва республика миқёсидаги кўргазмалар, фестиваллар, кўрик-танловлар ҳамда савдо ярмаркаларида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Жумладан, 2023 йил 21-23 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида ўтказилган II халқаро ҳунармандчилик фестивалида, 2024 йилда “Craft Fair Uzbekistan” III халқаро ҳунармандчилик ва технологиялар ярмаркасида, 2025 йилда эса Тошкент шаҳрида ўтказилган “Моҳир ҳунармандлар” кўргазма савдо-ярмаркаси, III Қўқон халқаро ҳунармандчилик фестивалида фаол иштирок этди. “Ишбилармон аёл – 2025” кўрик-танловининг республика босқичида қатнашиб, ўзининг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишидаги салоҳиятини намоён қилди.

Шунингдек, у 2025 йилда Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган “Turkistan World Сraft Fest” халқаро кўргазмаси ва Тожикистон Республикасининг Панжакент шаҳрида бўлиб ўтган “Panjakent syuzanisi” халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиб, миллий ҳунармандчилигимизни халқаро майдонда намойиш этишга ҳисса қўшди.

Моҳичеҳра Норбоева фаолиятининг яна бир муҳим жиҳати устоз-шогирд анъаналарини изчил давом эттираётганидир. У уюшма аъзолари, халқ усталари ва ҳунармандлар орасида ҳурмат қозонган, ёшларга ўз билими ва тажрибасини беминнат ўргатиб келаётган моҳир устоз сифатида танилган.

– Бугунги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти инсон қадрини юксалтириш, ҳар бир фуқаронинг ўз қобилияти ва меҳнати билан муносиб ҳаёт кечириши учун имконият яратишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир, – дейди Моҳичеҳра. – Ҳунар нафақат қадрият, балки бандлик ва фаровонлик манбаи, тадбиркорлик эса шахсий даромад билан биргаликда жамият тараққиётига хизмат қилувчи муҳим омилдир.

Моҳичеҳра Норбоева жорий йилнинг 13 август куни Президентимизнинг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Бу унинг миллий каштачилик санъатини асраб-авайлаш, уни ёшларга ўргатиш, ишсиз хотин-қизларни касбга йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш, маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотларини ички ва халқаро бозорларга олиб чиқиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнатига берилган юксак баҳодир.
Абдували Бўриев,
ЎзА мухбири