Ҳумонаий сўнгги сафарга кузатилмоқда
Эрон пойтахти Теҳронда мамлакатнинг собиқ Олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Ҳумонаийни сўнгги йўлга кузатиш маросими бошланди. Байроққа ўралган тобут шаҳар кўчалари бўйлаб олиб ўтилар экан, минглаб одам йўл четида саф тортиб, марҳумга эҳтиром бажо келтирмоқда.
Маросим давомида мотам тутган фуқаролар кўз ёш тўкиб, тобут томон қўл узатяпти. Айримлар рўмол ва мато бўлагини тобутга теккизишга ҳаракат қиляпти. Эронда бу амал барака ва эҳтиром рамзи сифатида қабул қилинган. Кейин тобут мамлакатнинг бир неча шаҳри ҳамда Ироқдаги муқаддас масканлар орқали ҳам олиб ўтилиши режалаштирилган.
Маросимдан аввал пойтахтдаги Буюк Мусалла мажмуасида икки кунлик видолашув тадбири ўтди. Йиғилган юз минглаб оломон орасида Исроил ва АҚШга қарши шиорлар янгради, айрим тахтакачларда ҳаво ҳужуми қурбонлари учун қасос чақириғи акс этган.

Кузатувчилар фикрича, ушбу маросим нафақат шунчаки мотам тадбири эмас, балки мамлакат сиёсий ҳаёти учун ҳам муҳим синовдир. Зеро, Али Ҳумонаий вафотидан кейин Олий раҳбар лавозимига тайинланган Оятуллоҳ Мужтоба Ҳумонаийни жамоатчилик орасида қўллаб-қувватлов даражаси айнан шу кунларда намоён бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА