Ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти оширилмоқда
“Бухоро саноат ривожлантириш мажмуаси” махсус саноат паркида Бухоро вилояти божхона бошқармаси ходимларининг навбатдаги сайёр учрашуви бўлди.
Учрашув қурилиш ишлари олиб борилаётган мазкур саноат паркига хориждан келтирилаётган технологик асбоб-ускуналарнинг божхона расмийлаштирувида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ташкил этилди.

Унда божхона ходимлари божхона юк операциялари билан боғлиқ ҳар қандай жараёнга яқиндан ёрдам беришга тайёр эканликларини таъкидлади. Зеро, лойиҳанинг ўз вақтида ишга туширилишида ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти катта.
Когон тумани ҳудудида жойлашган мазкур объектга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш орқали юқори технологиялар асосида замонавий саноат қувватларини ишга тушириш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, натижада эса янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Саноат парки қурилишининг биринчи босқичида 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар қийматида экспорт имкониятини тақдим этади.

Божхоначиларнинг навбатдаги сайёр ўрганиш манзили Ғиждувон туманида жойлашган “BEK BAGS-BUSINESS” оилавий корхонаси бўлди.
Корхона, сумка ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, ҳозирда фақат ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда. Бугунги кунда корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати 100 фоизга етган ва кунига 700-1000 дона аёллар ҳамда болалар спорт ва мактаб сумкалари тайёрланмоқда.

Божхона органи вакиллари томонидан соҳа янгиликлари ва ишлаб чиқарувчиларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида доимий равишда маълумотлар бериб келинади. Бунинг натижасида, корхона вакиллари, айни пайтда, бозорнинг талаб ва таклифларини таҳлил қилиб, ўз маҳсулотларини дунё миқёсида рақобатбардош қилиш учун инновацион ёндашувларни қўллашни режалаштирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири