Ҳудудларга мос ўсимликларни етиштириш муҳим омил
Чўл ва ўрмон ўсимликларини етиштириш, қурғоқчил ва шўрхок ерларга мос кўчат навларини кўпайтириш бугунги экологик вазиятда муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сапаргул Утемуратова Қорақалпоғистон Республикасида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Халқ вакиллари Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузуридаги Қорақалпоғистон илмий-тажриба станциясида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.
Ўрганиш давомида мутахассислар станциянинг асосий фаолият йўналишлари, илмий-тадқиқот ишлари ҳамда амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Қайд этилишича, ҳозирда станция тасарруфида 66,03 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, шундан 9,83 гектари Нукус тумани Қутанкўл ҳудудида жойлашган. Ушбу ҳудудда 3 гектар кўчатхона ва 2 гектар ниҳолхона барпо этилган.
Шунингдек, Нукус тумани “Саманбой” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 56,2 гектар майдонда Галофит ўсимликлар боғи ташкил этилган. Унинг 10 гектарида шўрланган ерларга мослашган галофит ўсимликлари устида илмий тажриба-синов ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда 4,2 гектар майдонда Хитойдан келтирилган ҳамда маҳаллий галофит ўсимликлари уруғлари экилиб, уларнинг мослашувчанлиги ва ривожланиши бўйича илмий кузатувлар давом эттирилмоқда.
Партия етакчиси А.Ҳамзаев чўл ва ўрмон ўсимликларини етиштириш, деградацияга учраган ерларда озуқабоп ўсимликларни ривожлантириш, ўрмон ўсимликларини касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада ривожлантириш бўйича тегишли тавсиялар берди.
М.Комилова,
ЎзА