Ҳудудлардаги очиқ мулоқотлар бизнес ва банк ҳамкорлигида муҳим аҳамиятга эга
Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларнинг самарадорлигини таъминлаш, ажратилган кредит маблағларининг мақсадли ўзлаштирилишини назорат қилиш муҳим саналади. “Микрокредитбанк” масъуллари шу каби жиҳатларга алоҳида аҳамият қаратади.
Банк раҳбарияти ва мутахассислари жойарда лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда ишга туширилишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ҳамда инвестиция лойиҳалари мониторингини олиб бормоқда.
Ҳудудларга ташрифлар давомида банк раҳбарияти тадбиркорлар билан бевосита учрашиб, уларнинг фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги режалар юзасидан очиқ фикр алмашди. Учрашувларда тадбиркорларни қийнаётган масалалар тингланиб, уларни тезкор ҳал этиш, зарур амалий кўмак кўрсатиш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

Учрашув давомида пойтахтимиздаги замонавий мебель ишлаб чиқаришга ихтисослашган “ENDLESS CONNECTION TRADE” МЧЖ фаолияти ҳам ўрганилди. Мазкур корхонада умумий қиймати 94,8 млрд сўмлик лойиҳа амалга оширилган бўлиб, корхона 2026 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилган. Натижада 50 та янги иш ўрни яратилган.
Шунингдек, “Grand Dior” МЧЖ томонидан меҳмонхона хизмати ва туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ҳам ўрганилди. Умумий қиймати 31,7 млрд сўм бўлган лойиҳа 22,2 млрд сўм тадбиркорнинг ўз маблағи ва 9,5 млрд сўм банк кредити ҳисобидан молиялаштирилган. Мазкур лойиҳа ҳам жорий йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиб, 35 та янги иш ўрни яратилди. Корхонанинг йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми 20,2 млрд сўмни ташкил этади.

Учрашув давомида истиқболли лойиҳалардан яна бири – “Ricomel Beverages” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган салқин ичимликлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам кўздан кечирилди. Умумий қиймати 183,7 млрд сўм бўлган лойиҳа 2027 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, натижада 300 та янги иш ўрни яратилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 219,3 млрд сўмга етказилиши режалаштирилган.
Ҳудудлардаги учрашув ва мониторинглар давомида ишлаб чиқариш суръатлари, инфратузилма ҳолати, мавжуд қувватлар ҳамда тадбиркорлар фаолиятида учраётган масалалар атрофлича ўрганилиб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар белгиланди.
Банк раҳбарияти томонидан жойларда олиб борилаётган бундай очиқ мулоқот ва мониторинг тадбирлари инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш, тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.
И.АВВАЛБОЕВ, ЎзА
Реклама ҳуқуқи асосида